Шинжон Уйғур минтақасига қўшимча ҳарбий киритилди

Шинжон Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва ханлар ўртасида эҳтимолий тўқнашувлар олдини олиш мақсадида минтақага Хитой хавфсизлик хизмати қўшимча кучлари киритилди.

Бундан бир йил муқаддам бу минтақада юзага чиққан миллий низо кўтарилгани оқибатида 200 яқин одам ўлган, 1700 одам жароҳатланган эди. Хитой ҳукумати мазкур воқеа бир йиллиги муносабати билан уйғур ва ханлар ўртасида яна янги тўқнашувлар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Шу боис минтақага киритилган хавфсизлик кучлари, асосан, мухториятнинг Урумчи шаҳрида кўпроқ кўзга ташланаётгани, қуролланган ҳарбийлар шаҳарнинг ўтган йили тўқнашувлар маркази бўлган Халқ хиёбонини ўраб олгани хабар қилинмоқда.

Аслан шу минтақанинг маҳаллий аҳолиси ва туркий мусулмонлар гуруҳи ҳисобланган уйғурлар жамоаси сўнгги йиллар давомида уларга Хитой маданиятининг зўрлик билан сингдирилаётгани, уйғур халқи миллий маданияти ва эътиқоди бостирилаётганидан норози бўлиб келмоқда.

Хитой ҳукумати эса мустақилликдан сўзлаётган баъзи уйғур етакчилари ҳаракатини “айирмачи” деб атаб, минтақадаги ҳар қандай норозиликни аёвсиз бостириб келмоқда.