Россия Кавказда мавқеини оширмоқчими?

Ереванда Россия ва Арманистон президентлари ҳарбий ҳамкорлик борасида шартнома имзоладилар. Янги шартномага биноан Москва 2035 йилга қадар Гюмридаги ҳарбий базада ўз қўшинларини сақлаб қолади.
Арманистон Гюмрисидаги Россиянинг ҳарбий базаси тўғрисидаги шартнома 1995 йилда 25 йил муддатга имзоланган. Эндиги битимга кўра, ҳарбий база ижараси 2044 йилга қадар узайтирилди. Базада 5 минглик қўшин, бир нечта С-300 ракета комплекси ва МиГ-29 самолетлари жойлашган.

- Россия Арманистон харбий хавфсизлигини ҳамкорликда таъминлаш ва республика қуролли кучларига замонавий қурол-аслаҳа етказиб беришни ўз зиммасига олди, - деди учрашувлар натижасига бағишланган матбуот анжуманида Арманистон президенти Серж Саркисян.

Россия-Арманистон ҳарбий шартномаси муддатининг узайтирилишини айрим кузатувчилар икки тарафлама манфаатларга мос келишини таъкидласа, қолганлар битимни Москванинг Кавказ минтақасида ўз обрўсини кўтаришга бўлган уриниш, деб баҳоламоқда.

Ереваннинг Кавказ институти директори Сергей Минасян фикрича, Россия-Арманистон раҳбарлари учрашуви ҳар иккала тараф учун ҳам фойдали якунланган:

- Бу шартноманинг имзоланиши жуда жиддий муросадир. Арманистонда унга бундай баҳо берилмоқда: Россия ўз зиммасига нафақат Туркия ва Эрон билан, балки Озарбайжон билан бўлган чегараларни ҳам қўриқлайди. Мазкур ҳатти-ҳаракатларни Озарбайжонга қарши қаратилган ҳарбий таҳдид деб қаралишига қаршиман, деди шартномага баҳо берган Ереваннинг Кавказ институти директори Сергей Минасян.

Шунга қарамасдан, REGNUM Новостининг Россия Озарбайжонга С-300 ПМУ-2 "Фаворит" ракета комплексларини сотиши ҳақида берган хабари Кремлни икки тарафлама ўйин олиб бораётгани тўғрисида мулоҳазалар юзага келишига сабаб бўлди.

Айни пайтда озарбайжонлик сиёсатшунос Раҳим Мусабеков бу янги шартномани Боку вазминлик билан қабул қилганини гапирди:

- Нима бўпти, эски шартнома яна 24 йилга узайтирилди. Кейинчалик у яна 100 йилга чўзилади… Энг асосийси, шартнома Россия қўшинларининг базадаги сони оширилишига олиб келмади-ку. Ҳамма гап шундаки, Озарбайжон Арманистон ҳудудига тажовуз қилиш истаги йўқ. Ҳарбий тўқнашувлар бошланиши фараз қилинган тақдирда ҳам, жанговар ҳаракатлар арманлар босиб олган Озарбайжон ерларида олиб борилади. Аксинча, Озарбайжонга Арманистон томонидан хужум қилинса, арманиларни Россия қўллаб-қувватлашини тасаввур қилиш қийин, дея фикр билдирди озарбайжонлик сиёсатшунос Раҳим Мусабеков.

Дмитрий Медведев ва Серж Саркисян ўртасида чегара ва ҳарбий база ижараси муддатини узайтириш шартномаларидан ташқари 2011 йилда Арманистон атом электростанциясида бошланажак янги энергоблок қурилиши, транспорт соҳасидаги сармоя ҳақида қўшимча шартномалар имзоланди.

Шунингдек , Россия ва Арманистон раҳбарлари ўртасида Тоғли Қорабоғ масаласи муҳокама этилди.