Конго собиқ вице-президентини Ҳаагада судламоқдалар

Конго демократик республикаси собиқ вице-президенти Жан-Пьер Бемба иши Ҳаагадаги Халқаро жиноят судида кўрила бошлади.

Собиқ вице-президент ўзига нисбатан эълон қилинган ҳарбий жиноятлар ҳамда инсониятга қарши жиноятларни рад этди.

Айбловга кўра, Бемба 2000-йилларнинг бошларида Марказий Африка республикасига киритилган ғайриқонуний қуролли тузилмалар қўмондони сифатида оммавий қирғин, талон- тарож ва аёлларни зўрлашларга йўл қўйиб берган. Бемба қўмондонлигидаги қуролли тузилмалар Марказий Африка республикасига бу мамлакат раҳбарияти илтимосига кўра давлат тўнтаришининг олдини олиш мақсадида киритилган эди.

Жан-Пьер Бемба 2002 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига тортилган давлат амалдорлари орасида лавозими энг юқори бўлган шахсдир.