"Хайрулла Ҳамидов озодликка чиқарилмайди!"

Хайрулла Ҳамидов яқинлари унинг навбатдаги амнистия бўйича озодликка чиқарилишига умид қилмоқда.

"Гапира оладиганимиз ягона минбар Озодликнинг "Эркин микрофон"и"¸ дея гап бошлаган оддий ўзбекистонликлар яна мамлакатдаги ҳуқуқий бедодлик¸ Хайрулла Ҳамидовнинг озодликка чиқиш эҳтимоли ва Россиядаги мардикорлар тақдири ҳақида гапирдилар.


Тайгада ишлаган пулимни ким беради?

дейди Россиянинг Тайга ўрмонларида қул қилиб сотилган ва пировардида озод бўлиб Қашқадарëга қайтиб уйида ўтирган Шерали.

- Мен Қашқадарëдан Шерали. Эсингизда бўлса, биз Красноярский крайда Тайга ўрмонларида нима бўлган эдик. Давлат томонидан бориб сотилиб алданиб келган эдик. Уч ойлик иш ҳақимизни ололмаяпмиз. Май ойида қайтиб келган эдик. Шундан бери “эртага, индинга”дан ўтишмаяпти. Иш ҳақимизни ҳал қилиб бера олмаяпти. “Ўшани ҳал қилиб бераман” деган эди. Ўшани ҳал қилиб бера олмаяпти, дейди Шерали.


Озодликнинг Москвадаги мухбирига раҳмат

Мардикор ва меҳнат муҳожирлари ҳаëт ва ташвишларини ëритаëтган мухбирингизга ташаккур билдирмоқчимиз, деб қўнғироқ қилди Фарғонадан Рустамжон.

- Мен Фарғонадан Рустамжонман. Озодликнинг Москвадаги мухбири Умидбек борку, шу болага каттакон раҳмат айтамиз. Биз мухлислар шундай деб топдик: Озодлик радиосининг ташқаридаги энг илғор мухбири, 2010 йилнинг энг яхши мухбири, деб таъриф бердик. Шу болага каттакон раҳмат деб айтиб қўясизлар. Россияга борган мардикорларни қўллаб-қувватлагани, иложи борича ëрдам бергани учун шу болага каттакон раҳмат, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз Рустамжон.


Xайрулла Ҳамидов ҳали-бери қамоқдан чиқмайди

"Чунки Хайрулла Ҳамидов ўз орқасидан минглаб кишиларни эргаштириши мумкин, бундай йўлбошчи одамлар эса Ўзбекистон президентига керак эмас", дейди Хайрулла Ҳамидовнинг тошкентлик иxлосмандларидан бири.

- Хайрулла Ҳамидов тўғрисида айтмоқчи эдим. Хайрулла Ҳамидовни мана хафа бўлишмасин, менинг кузатишларимдан келиб чиқиб айтадиган гапим шундан иборатки, ота-онаси, аëллари, ҳаммаси пойлаб ўтиришибди эртага амнистияга тушади, чиқади деб. Хайрулла Ҳамидов шундай одамки, бизнинг давлатимизга, президентга жуда хавфли одам ҳисобланади. Чунки у ўзининг орқасидан минглаб, миллионлаб одамни эргаштиришга қобилиятли инсон бўлганлиги учун бунақа одамни ҳеч қачон чиқариб юбормайди. Қўлга тушириб, олиб кириб олдими, у баҳона, бу баҳона қўшиб бериб, 6 йил ўтирадиган бўлса, 6 йил тўлишига яқинроқ бир баҳона билан яна қўшиб беради.

Мени эшитаëтган одамларни ўзимнинг қандайдир ëмон ниятларим билан хафа қилишни истамайман. Лекин бўлаëтган воқеа шуни кўрсатади-да. Албатта яхшиликни истардик ҳаммамиз ҳам. 6 йилдан олдинроқ чиқиб кетишини истардик. Лекин бизнинг президентимизга ëқмайди бу нарсани қилиш. Хоҳламайди. Чунки унинг шахсан ўзи назорат қилади. Бу одам жуда хавфли одма ҳисобланади ва одамларни эргаштириб, мана ҳозирги шароитда кўраяпсиз бошқа давлатларда халқни кўчага чиқариб тизимга қарши, воқеаларга қарши ташкил қиладиган пйт бошланди кўп давлатларда. Бизда ҳам шунақа бўлишининг олдини олиш учун, буни чиқариб юборишига ҳеч ҳам кўзим етмайди. Улар амнистияга ҳеч қачон туширмайди, дейди Хайрулланинг тошкентлик ихлосмандларидан бири.


Гапим сизга омонат –жонингиз бўлсин саломат

Наманганнинг Чодак қишлоғи турғуни Набижон ота гапира оладиганимиз ягона минбар Озодликнинг "Эркин микрофон"и дейди.

- Мен Абдувалиев Набижонман. Бир қишлоқи чаласавод инсонман. Шунинг учун секин гапириб бераман. Ассалому алайкум Озодликнинг "Эркин микрофон"ини эшитувчи фуқаролар. Мен Наманган вилояти, Поп тумани, Чодак қишлоғида туғилган, яшаб келаëтган нуроний Ўзбекистон фуқароси. Судлар адолатли судловни унутганлар. Коррупция, порахўрлик, бегуноҳлар, пули йўқларни қамайдилар, пули борлар гуноҳини авф этадими, амнистия дейдими, пулини олиб чиқаради. Прокурор қотиллардан катта пулни олиб, терговчига буюради. Ўзини ҳимоя қилиш оқибатида ўлдирилган, деган статяни қўйишни айтади. Корхоналарда содир бўлаëтган бахтсизлик ҳодисаларини хаспўшлаб юбораверадилар ўз манфаатларини ўйлаб. Булар устларидан инстанция бўйича мурожаат қилинса, мурожаатга жавоб қайтарилмайди.

Менинг жияним Абдуназаров А.Ж 1100 метр ер ости чуқурлигида соат 7 билан 8 оралиғида ўлиб қолган. Газданми, электр токиданми, Оллоҳга аëн. Суд медэкспертиза мурдани очиб кўрмасдан катта пора пулга “қишлоқда ўлган” деган хулосани беради. Оддий фуқаро бу адолатсизликларни кимга мурожаат қилиши лозим? Шунга мен ҳайронман, дейди чордаклик Набижон ака.


Ўзбек мулозимларига заводлар керак эмас

Тошкент шаҳридаги "Ўртоқ" қандолат фабрикаси бузилиши ҳақидаги мақолага муносабат билдирган тошкентлик Анвар ака ўзбек мулозимлари ишлаб чиқаришдан манфаттдор эмаслигини айтади.

- Тошкентдаги “Ўртоқ” фабрикасининг бузилиши ҳақида сизларнинг передачани эшитдим. Шунга бир фикр бор эди. “Ўртоқ” фабрикаси бир неча йилдан бери ташландиқ иморат бўлиб ëтар эди. Кимдир фойдаланди, кимдир фойдалана олмади. Шунга ўхшаган иморатлар Тошкент шаҳрида жуда ҳам кўп. Ман менинг олдимда шунга ўхшаган иморатлардан биттаси – сут комбинатига қарашли бино бор. Ташландиқ, кўрсангиз раҳмингиз келади. Ҳеч ким фойдаланмайди. Сут комбинатлари олдингидай ишламайди. Айтмоқчиманки, бизларда раҳбарлар, давлат бунақа комбинатларни ишга тушириб, улардан маҳсулот чиқариб, халқ учун ишлаëтгани йўқ, халқни ўйламайдида.

Мана битта мисолни айтишим мумкин. Ташқаридан келади ҳамма мол. Саноат моллари ҳам, қурилиш моллари ҳам, озиқ-овқат ҳам келади. Ўша келаëтган молларнинг давлат божи бор. Госпошлина шунақа катта суммаки, булар ўроқда йўқ, хирмонда йўқ машоқда ҳозир дегандай текин пул, ҳеч қанақа меҳнат сарф қилмайди. Булар ойлик тўламайди, корхона қурмайди, ташқаридан мол киради, бюджетга тайëргина сумма пул тушади. Шунинг учун улар кондитер фабрикасига ўхшаган, сут фабрикасига ўхшаган ва бошқа жойларни ишлатиб, халққа маҳсулот чиқариб қандайдир ишни бажармаëтгани ҳисобидан кун кўриб юришади. Халқни иш жойлари билан таъминлаш, қандайдир маҳсулотлар чиқариб халқ эҳтиëжини қондириш масаласини ўйлашмайди. Шунинг учун “Ўртоқ” фабрикаси бузилди. Ўртоқ фабрикасининг жойи ўрисчасига айтганда пресстижний жой. Унинг ўрнига атрофда чиройли қилиб 6-7 этажли уйларни қуриб ташлаган. Кейин ҳар бир қурилган уйнинг ҳар бир метр квадратини 14-15 минг, 18 минг долларгача сотишаяпти. “Ўртоқ” фабрикасининг ўрнига қурилган уй жуда катта даромад келтиради бузаëтган одамларнинг чўнтагига, дейди тошкентлик Анвар ака.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!