Ал-Заваҳирий Ал-Қоиданинг янги етакчиси бўлди

Айман Ал-Заваҳирий

Бугун Ал-Қоидага алоқадор вэб-сайтда эълон қилинган хабарга кўра, мисрлик Айман Ал-Заваҳирий (Ayman al-Zawahiri) Ал-Қоида гуруҳига етакчи этиб танланган.

Ал-Заваҳирий Ал-Қоида гуруҳида Усама бин-Ладен ўлдирилгунига қадар иккинчи шахс бўлган.

Мисрда туғилган, 60 ёшли Ал-Заваҳирий мутахасислиги бўйича шифокор. У ўтган асрнинг 70-йилларида террорчилик гуруҳларига қўшилган.

Ал-Заваҳирийнинг қаерда эканлиги аниқ эмас, унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Унинг Покистон билан Афғонистон чегарасидаги ҳудудларида яширингани тахмин қилинади.

Америка Ал-Заваҳирий қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.

АҚШ махсус кучлари Ал-Қоида етакчиси Усама бин-Ладинни 2 май куни ўлдирганидан кейин террор тармоғига мисрлик собиқ полковник Сайф ул-Одил вақтинча етакчи бўлгани маълум қилинган эди.