Райҳоннинг иши Олий судда

Райҳон Соатовани зўрлаганликда гумонланган 12 милиция ходими маҳкамага тортилган, лекин жазосиз қолган эди.

Тергов пайтида милиция ходимлари томонидан зўрланганини даъво қилган Райҳон Соатова иши Ўзбекистон Олий судида кўрилаяпти. Р. Соатованинг яқинлари агар Олий суд қарори қониқарли бўлмаса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Райҳон Соатованинг акаси Абдусамад Соатовга кўра, синглисининг иши бўйича Ўзбекистон Олий судига 13 июн куни мурожаат қилишган.

- Адвокат ëлладик. Ўша адвокат орқали тўпланган маълумотларнинг ҳаммасини тўплаб Олий судга ëзма равишда ариза ëзиб ташланган адвокат тарафидан. Биз терговни ва судни қайтадан кўриб чиқишни ва бу иш юзасидан батафсил тергов олиб бориб, синглим оқланишида ва озодликка чиқишида ëрдам сўраганмиз. Суд ва тергов жараëнида ноқонунийлик юз берганлиги, адолатсизлик юз берганлигини эътироф этганмиз. У нарсалар амалга ошмаса, БМТнинг қийноқлар бўйича вакилига ëзма равишда мурожаат қилиш ниятимиз бор,- дейди Абдусамад Соатов.

Уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар 2009 йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Опа-сингиллар аввалига маиший жанжал туфайли безориликда айбланган, кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилган ва маҳкамага тортилган эди.

Тергов пайти милиция ходимлари томонидан зўрланганини даъво қилган уч опа-сингилнинг ўртанчаси Райҳон Соатова Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлимида 12 киши унга жинсий тажовуз қилганини айтган эди.

Аввал хабар қилганимиздек, Райҳон 2009 йилнинг 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик бола туққан эди.

Ҳисоб-китоб қилинса, Райҳоннинг ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Абдусамад Соатовга кўра, Ўзбекистон Олий судига ёзилган аризага синглисининг тергов давомида милиция ходимлари томонидан зўрлангани тўғрисидаги даъвоси ҳам киритилган.

Райҳон Соатовани Олий судда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг адвокати ҳимоя қилаяпти.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, улар Райҳон Соатова иши бўйича вазиятни ўз назоратига олган ва яқин орада бу иш бўйича БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилишни режалаштиришмоқда.

- 2009 йил май ойида Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлимида зўравонлик қурбони бўлган Райҳон Соатова масаласи бўйича ҳозирда бизнинг адвокатимиз ишлаяпти. Ҳозир иш Олий суд даражасида кўрилаяпти. Олий суднинг сўнгги қарори олингандан кейин бу иш БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачисига етказилади. Бундан ташқари БМТнинг инсон ҳуқуқлари комитетига ҳам бу хусусда шикоят аризаси топширмоқчимиз,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳозирда Райҳон Соатова ҳимоясига “Эзгулик” жамияти билан биргаликда Берлиндаги “Ўзбекистон-Германия форуми” ҳам чиққан.

Форум раҳбари Умида Ниёзовага кўра, Ўзбекистонда адолатга эришиш қийинлиги боис БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилиш орқали ҳақиқат қарор топишидан умид қилинмоқда.

- Биз Райҳон Соатова ишини БМТ инсон ҳуқуқлари комитетига топширмоқчимиз. БМТ комитети бунақа аризаларни узоқ муддатда кўриб чиқса ҳам лекин давлат органлари комитет саволларига расмий тарзда жавоб бериши шарт. Умуман Райҳон Соатованинг иши Ўзбекистондаги қийноқлар билан боғлиқ системани яққол кўрсатиб беради. Райҳон Соатованинг иши на сиëсий, на диний. Бу оддий оилавий можаро. Лекин бунга қарамасдан давлат машинаси бу қиз ва унинг опаларини худди энг ваҳший қотилларга берадиган жазо тайинлади. Райҳон Соатова зўрланди, қамоқда фарзандли бўлди. Бунга қарамасдан қамоқдаги муддати бир кунга ҳам камайтирилмади. Мен ўйлайманки, бу иш жуда ҳам муҳим ва БМТ комитетида кўрилиши шарт,- дейди Умида Ниёзова.

Райҳоннинг тергов жараёнида зўрлангани борасидаги даъво бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБнинг 12 ходими терговга тортилган, лекин уларининг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмагани маълум.

Райҳон Соатова зўрлангани ҳақидаги даъволардан кейин БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси, профессор Манфред Новак Ўзбекистон қамоқхона ва ҳибсхоналарида жинсий зўрлашларга доир иддаоларни текширишга чақирган эди.

Эслатамиз, суд ҳукмига кўра Райҳон Соатова 7 йилу 2 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Унинг опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида 7 йилу 6 ойлик жазо муддатини ўтаяпти. Синглиси Хосият эса 6 йилу 2 ойлик шартли жазога ҳукм қилинган.