Покистондаги сув тошқинида 33 одам нобуд бўлди

Расмий маълумотларга кўра, Покистонда тинимсиз давом этган кучли ёмғир мавсумидан сўнг рўй берган сув тошқинида ўнлаб одам нобуд бўлди.

Пайшанба куни ёпирилган сув тошқини Кандиён водийсидаги аҳоли уйлари ва инфраструктурани вайрон қилди.

Бу минтақада табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун масъул расмий Аднан Хонга кўра, қидирув чоғида 33 кишининг жасади топилган, яна 38 киши бедарак кетган.

Қидирув ва қутқарув ишларига эса ўтган йили содир бўлган табиий офат чоғида бартараф этиб улгурилмаган вайроналар ҳалақит бермоқда.

Ўтган йилги тошқинда Покистон ҳудудининг бешдан бир қисмига зарар етган ва 2 мингдан ортиқ одам нобуд бўлган эди.

20 миллиондан ортиқ одам эса бошпанасиз қолган.