Сурияга 50 нафар халқаро кузатувчи боради

Ассад режимига қарши норозилик намойишчилари.

Бугун Араб давлатлари Лигаси томонидан жўнатилган 50 кишидан иборат халқаро кузатувчиларнинг биринчи гуруҳи Сурияга етиб боради.

Бу Араб Лигаси томонидан Сурияда тинч норозилик намойиши иштирокчиларига қарши ҳукумат қўшинлари зўравонлигини тўхтатиш доирасидаги режалардан бири эди.

Сурия мухолифатининг миллий кенгаши Ҳомс ва бошқа бир қанча шаҳарларда намойишчиларга нисбатан босим бўлаётганини айтиб, кузатувчиларни айнан шу шаҳарларга боришга чақирди.

Сурия Ташқи ишлар вазири Волид ал- Муаллимга кўра, халқаро кузатувчилар сўнгги тўққиз ой давомидаги зўравонликларга "қуролли террорчилар" маъсул эканига гувоҳ бўлишади.

Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари президент Башар ал-Ассадни зўравонликларда айбдор санаб келади.

Ассад режими эса тартибсизликлар ортида қуролли террорчилар турганини иддао қилиб келмоқда.

Сурияга Араб лигаси томонидан жами 150 кузатувчи бориши режалаштирилган.

Сурия президенти Башар Асад режимига қарши 9 ойдан буён давом этаётган норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши куч қўлланиши оқибатида, БМТ ҳисоб-китобича, 5 мингдан зиёд киши ўлдирилди.