Ички ишлар вазирлигининг ички ишлари

Бу сурат Дмитрий Чистопрудовнинг http://chistoprudov.livejournal.com шахсий блогидан муаллиф рухсатига кўра олинди.

Расмий манбаларга кўра¸ Юнусобод ИИБ бошлиғи Фарҳод Мирзаев икки ой олдин ишдан бўшатилган. Норасмий манбалар унга жиноий иш очилиб¸ қидирувга берилганини айтмоқда.

Юнусобод мелиса бошлиғи қидирувда...

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ва Юнусобод туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Фарҳод Мирзаев икки ой муқаддам ўз лавозимидан озод қилинган.

Тошкентда муқаддам ички ишлар соҳасида ишлаган манбанинг 25 январ куни Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Мирзаев нафақат ишдан олинган¸ балки унга қарши жиноий иш қўзғатилган ва айни кезда Ўзбекистондан қочиб кетган собиқ мелиса қидирувга берилган.

Ички ишлар вазирлиги расмийлари бу борада Мирзаевнинг икки ой муқаддам лавозимидан олинганини тасдиқлаш билан чекландилар.

Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими мутасаддисига кўра, Мирзаевнинг ишдан олиниши хизмат вазифаси билан боғлиқдир.

- Икки ой бўлди ишдан олинганлар. Аммо бунинг сабабларини сизга телефонда айта олмаймиз, деди Юнусобод тумани ИИБ ходими микрофонсиз суҳбатда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳам Мирзаевнинг ишдан олинганини тасдиқлар экан, бунинг сабабларини ошкор қилмади.

Озодликка бу ҳақда хабар берган собиқ ички ишлар ходимига кўра, Фарҳод Мирзаев коррупция билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда ва айни кезда унинг Ўзбекистондан чиқиб кетгани ҳақида овозалар бор.

Ҳозирча Озодлик бу маълумотни на тасдиқлаш ва на инкор этиш имконига эг эмас.

Юнусобод тумани ИИБдаги манбалардан олган маълумотлари асосида тошкентлик юрист Гулнора Оқилованинг Озодликка айтишича, Фарҳод Мирзаев порахўрликда айбланмоқда.

Ўз вақтида Гулнора Оқилова Юнусобод туманидаги фоҳишахоналар фаолиятига чек қўйилиши учун курашган ва Фарҳод Мирзаев бошчилик қилган милиция бўлими билан тортишган эди.

- Бизда ички ишлар структураси порахўрликка берилиб кетгани факт. Ўша Юнусобод туманидаги притонларни бошқариб турган жиноятчи шахслар порани туман ИИБ ходимларига бериб юрар эди. Фарҳод Мирзаевни эса ҳозир порахўрликда айблашаяпти ва мен бунда асос бор, деб ўйлайман, дейди Гулнора Оқилова.

Бу манбага кўра, икки ой муқаддам ишдан бўшатилган ИИБ бошлиғи қисқа муддатга Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида аниқ маълумотлар бўлган.

- Аммо икки-уч кун бўлиб қолдики, уни қўлга олишибди, деган хабар юрибди. Лекин мен бунинг қанчалик аниқлигини билмайман ва буни билиш имкони ҳам бўлмаса керак. Жиноий иш очилгани бор гап лекин, дейди юрист Гулнора Оқилова Юнусобод ИИБда ишловчи манбаларига таяниб.

Фарҳод Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси прокурорининг ёрдамчиси бўлган Тоҳир Мирзаевнинг яқин қариндоши экани айтилади.

Айни кезда мавжуд норасмий маълумотларга кўра, Тоҳир Мирзаев ортидан ҳам норасмий тарздаги суриштирув бошланган.

- Фарҳоднинг иши неча марта пора туфайли Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати назарига тушган ва ҳар гал уни шу қариндоши қутқариб қолар эди, дейди Мирзаевнинг фаолиятидан яхши хабардор бўлган Гулнора Оқилова.

Фарҳод Мирзаев асли самарқандлик бўлиб, сўнгги бир неча йилдан буён Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимига раҳбарлик қилаётган эди.

Ушбу бўлимдан олинган расмий маълумотга кўра, ҳозир туман ИИБ бошлиғи вазифасини кўп йиллардан буён Мирзаевга ўринбосарлик қилиб келган Пардахон Аҳмедов вақтинча бажармоқда.

- Пардахон ака бизда узоқ йиллар зам бўлиб ишлаганлар. Ҳозир вақтинча бўлим бошлиғи бўлиб турибдилар. Лекин қачонгача бўладилар аниқ эмас, деди Юнусобод тумани ИИБ ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.


"Ички ишлар вазири яна истеъфо берди"

25 январ куни олинган бошқа бир норасмий маълумотга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов ҳам истеъфо сўраб, президент Ислом Каримовга мактуб ёзган.

Ҳозирча бу хабарни бераётган ягона манба Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадорлиги айтиладиган Uzmetronom сайтидир.

Бу нашр берган хабарга кўра, 53 ёшли генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов бунга қадар ҳам соғлиги муносабати билан бир неча бор истеъфо сўраган, аммо Ўзбекистон раҳбари бу сўровни қондирмаган.

Бу галги мурожаат балки қондирилгандир, дея тахмин қилаётган Uzmetronom нашри бунга далил ўлароқ Матлюбовнинг ўз ўринбосари — ИИВ қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбари Абдуқодир Шодиевнинг 55 ёшли юбилейида иштирок этмаганини келтирган.

Нашр, ҳаттоки кейинги вазир сифатидаги номзодни ҳам келтириб, бу шахс Андижон вилоятининг ҳозирги ҳокими, муқаддам собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовга ўринбосар бўлган асли жиззахлик генерал-майор Аҳмаджон Усмонов бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Бироқ, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги кадрлар бўлими ходимлари бундай хабарни инкор қилди.

- Вазиримиз ўз ўрнида. Бунақа гап умуман бўлгани йўқ. Аҳмаджон Усмоновнинг келиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ҳар ҳолда бизга расмий ҳужжат келгани йўқ ҳали, - деди ИИВ Кадрлар бўлими мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўз вақтида вазир Баҳодир Матлюбовнинг ички ишлар стурктурасида ишлаган укаси — Яккасарой тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жамшид Матлюбов билан судлашган "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Ички ишлар вазири ҳақиқатда ҳам бир неча бор истеъфо сўраган.

- У кишининг соғлиги яхши эмаслиги, кўзи билан богғлиқ муаммо борлиги ҳақида биз ИИВ ходимларининг ўзидан эшитганмиз. Шунинг учун у киши президентга истеъфо беринг, деб хат ёзган. Лекин президент имзоламаган, дейилади. Аммо, бунақа хабарларни ҳеч қачон расман тасдиқлатиш мумкин эмас. Чунки, бу президентнинг ваколатидаги иш бўлгани учун мутлақо сир қолади, дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Асли самарқандлик генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов 2006 йилнинг 5 январида Зокиржон Алматов ўрнига Ички ишлар вазири лавозимига тайинланган эди.

Бунга қадар Баҳодир Матлюбов Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси раиси, Ўзбекистон ИИВ ўринбосари бўлиб ишлаган.