Путин ўз тарафдорлари олдига чиқди

Бугун Россиянинг иқтидордаги Бош вазири¸ 4 мартга белгиланган президент сайловларининг асосий даъвогари Владимир Путин Москванинг Лужники стадионига тўпланган ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилди.

Россия полицияси тарқатган маълумотга кўра¸ Путин нутқини тинглаш учун 130 000 нафардан ортиқ сайловчи келган.

“Россияни ҳимоя қиламиз” шиори остида ўтказилган митингда қилган маърузасида Путин хориж давлатларининг Россия ички ишларига аралашувига йўл қўймасликка ваъда берди.

- Биз ҳеч кимнинг ички ишларимизга аралашувига йўл қўймаймиз. Ҳеч кимга бизга ўз иродасини ëпиштиришига имкон бермаймиз¸ чунки бизда ўз иродамиз бор. Россия учун кураш давом этмоқда ва ғалаба биз томонда¸ деди Путин ўз чиқишида.

Москвадаги Озодлик мухбирларининг билдиришича¸ Россия минтақаларидан мазкур митингда қатнашиш учун минглаб одам махсус поезд ва автобусларда пойтахтга олиб келинган.

Сайловлар арафасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари Путиннинг бўлажак сайловларда осонликча ғалаба қилишини башорат этмоқда.

Айни пайшанба куни Россия президентлигига даъвогарлардан Геннадий Зюганов ва Владимир Жириновский тарафдорлари ҳам Москвада сайловолди йиғини ўтказди. Бу иккала алоҳида митингда 1500 дан 3000 нафаргача одам иштирок этди.