Ўзбек рассомнинг гигант асарини Прага шамоли учирди

“Минг малак ва бир суврат“ асари Прагадаги кўргазмалар уйи олдида.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Иброҳимовнинг Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин бўлган улкан асарига кучли шамол шикаст етказгани боис Прага шаҳридаги кўргазма вақтинча тўхтатилди.
Жумадан шанбага ўтар кечаси Прагада юз берган кучли шамол баландлиги 8 метр, узунлиги 66 метр келадиган “Минг малак ва бир суврат“ деб номланган улкан асарнинг 22 тонналик темир нарвонларини ағдариб юборган.

Воқеа жойига борган Озодлик мухбири темир констукция демонтаж қилинаëтганига гувоҳ бўлди.

Кўргазма қоровулининг Озодликка айтишича, улкан конструкция ағдарилган пайтда расм бўлакларидан баъзилари йиртилган.

Улкан расмни ушлаб турган темир конструкцияни бўлакларга бўлиб ичкарига ташиëтган кўргазма муҳандиси Элнур талафотнинг катта бўлмагани ва расмлар ўз вақтида қутқариб қолинганини айтди.

Дунëдаги энг улкан бу асар Чехиядаги суғурта ширкатлари тарафидан суғурта қилинган.

Айни пайтда кўргазмага кираверишда муштарийлардан узр сўровчи эълон осиғлик турибди.

Бу эълонда об-ҳаво боис кўргазма вақтинча тўхтатилгани билдирилган.

Гигант расмни ушлаб турувчи темир ускуна Тошкентдан олиб келинган эди.

Кўргазмадан олдин чех муҳандислари бу ускуналар Прага об-ҳаво инжиқликларига бардош бера олмаслигини айтган эди.

Ўшандан кейин темир ускуналарга қўшимча темир тиргаклар пайванд қилинди.

“Минг малак ва бир суврат“ номли асар Прага шаҳридаги қадимий Incheba Expo кўргазмалар залида намойиш қилинаётган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Прагада ўзбек рассомининг кўргазмаси очилди



Леким Иброҳимов мазкур расмни яратиш учун 3 тонна бўëқ ва 600 квадрат метрга яқин махсус оҳорланган, нам ўтказмайдиган мато сарфланди, дея маълум қилган эди Озодлик мухбирига.

Улкан асар Прага, Мадрид ва Рим шаҳарларида намойиш қилинганидан сўнг уни Тошкентга олиб кетиш режаланган.