МТС-Ўзбекистон муваққат бош директори Даутов Россияга чиқиб кетди

Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиявий ва иқтисодий қонунбузарликларни содир этганликда айбланиб “Ўздунробита”нинг бир гуруҳ раҳбарлари қаторида қамоққа олиниб, шу ой бошида озод қилинган Россия фуқароси Радик Даутов Москвага етиб келди.
Бир ой давомида МТС иши юзасидан Ўзбекистонда ҳибсда сақланган “Ўздунробита” бош директори Радик Даутов 16 август куни мамлакатдан чиқиб кетган.

“Ўздунробита” эгаси ҳисобланган Россиянинг “Мобильные телесистемы” ширкати вакиллари Радик Даутов ҳақиқатан Ўзбекистондан чиқиб кетганини Озодликка тасдиқлашди.

- Ҳа, ҳақиқатан Ўзбекистон прокуратурасининг асоссиз айбловлари билан Тошкентда бир ой давомида ҳибсда сақланган ходимимиз Радик Даутов озод қилинди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги, жумладан, бевосита Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг аралашуви билан бугун Россияга қайтиб келди, деди МТС расмийси Валерия Кузменко Озодликка.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида ўтган сешанба, 14 август куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан телефон орқали суҳбатда “Ўздунробита” масаласини кўтаргани хабар қилинган эди.

МТС матбуот маркази вакили Валерия Кузменко МТС Ўзбекистонда ҳибсда қолаётган бошқа ходимларини озод этиш ва уларга қўйилаётган айбловлар бекор қилиниши учун курашни давом эттиришини қўшимча қилди.

- Ўзбекистонда ширкатимизнинг тўрт нафар ходими ҳибсда қолмоқда. Уларга прокуратура қўяётган айбловлар олиб ташланмаган, босим тўхтатилмаган. Шу сабабли биз уларнинг озод этилишига барча имкон ва кучларимизни сарфлаймиз, деди Валерия Кузменко.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “катта миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортганлик”, “лицензиясиз фаолият юритганлик”, “жиноий гуруҳ таркибида олинган даромадларни легаллаштиришга уринганлик”да айбланаётган Даутов Тошкентда шу йилнинг 27 июнида ҳибсга олинган эди.

1 август куни ёйинланган Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнотида “адвокатлар томонидан бир неча бор тақдим этилган илтимосномалар, шунингдек, Россия ТИВ ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаатномаларини кўриб чиқиш натижасида 2012 йил 1 августида айбланувчи - Россия Федерацияси фуқароси Р. Даутовга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилгани” айтилади.

Россия ташқи ишлар вазирлиги МТС билан боғлиқ “муаммо жиддий тус олгани ва ўзаро келишган ҳолда, тезроқ иккала тарафга маъқул бўлган унинг ечимини топиш”ни таклиф этган.

Ўзбекистон солиқ тизими идораларининг МТС-Ўзбекистон ширкатидан 900 млн доллар миқдорида жарима ундириш ниятида экани айтилмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон монополияга қарши идораси “Ўздунробита”ни аллақачон 80 миллион долларлик жаримага тортди.

МТС “Ўздунробита” лицензиялари дастлаб шу йилнинг 17 июлида 10 кун муддатга тўхтатилган эди.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 30 июл кунги қарори билан эса, уч ойга тўхтатилган эди.

13 август куни Тошкент шаҳар хўжалик суди ўтган ойда фаолияти вақтинча тўхтатилган МТС-Ўзбекистон ширкатини бутунлай лицензиядан маҳрум қилди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетди.