Қирғизистонда янги ҳукмрон коалиция тузилди

Бугун Қирғизистонда янги ҳукумат коалицияси эълон қилинди. Унга парламентдаги учта партия - Социал демократлар, “Ар- Намис” ва “Ата- Мекен” партиялари кирди.

Эндиликда мазкур коалиция янги Бош вазир ва унинг ҳукумат таркибини тайинлаши лозим бўлади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бугун Бош вазир вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ўмурбек Бабановни истеъфога жўнатди.

Бош вазир ўринбосари Али Карашов Бабанов ўрнини эгаллади. Карашов ҳам мазкур вазифага вақтинча тайинланган.

Қирғизистондаги аввалги ҳукумат коалицияси фракцияларнинг чиқиб кетиши ортидан тарқатиб юборилган эди.

Янги ҳукумат Қирғизистондаги тўртинчиси бўлиб, шу пайтгача учта ҳукумат коалицияси тарқатилган.