Арман зобитини ўлдирган озарбайжонлик ҳарбий авф қилинди

Озарбайжонга қайтган Рамил Сафаров.

Озарбайжонда Венгриядан экстрадиция қилинган катта лейтенант Рамил Сафаровга майор унвони берилди.

2004 йили Венгриядаги НАТО машқлари чоғида арманистонлик зобит Гурген Маркарянни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Сафаров жума куни Озарбайжонга экстрадиция қилинганди.

Ватанга қайтиши билан Сафаров Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан авф қилинди.

Шанба куни Ереванда юзлаб одам Венгрия элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказди. Улар Венгрия байроғини ёқиб юбордилар, элчихона биносига тухум ва помидор улоқтирдилар.

Аввалроқ Венгрия билан дипломатик алоқалар узилгани ва армия жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилганини эълон қилган Арманистон президенти Серж Саргсян ЕХҲТнинг Тоғли Қорабоғдаги вазиятни изга солиш бўйича Минск гуруҳи раисдош мамлакатларининг президентларига норозилик мурожаатномаларини тайёрлаш ҳақида кўрсатма берди.