Қизил хоч президенти Дамашққа келди

Халқаро Қизил хоч қўмитаси янги президенти Дамашқда.

Бугун Халқаро Қизил хоч қўмитасининг янги президенти Петер Маурер Дамашқда Сурия президенти Башар ал-Ассад ва бошқа расмийлар билан учрашди.

- Бугун тонгда бўлиб ўтган учрашув ижобий руҳда кечди. Президент Ассад сўровларимизга ижобий муносабат кўрсатди¸ деди Қизил хоч матбуот котиби Ҳишам Ҳассан.

Дамашқ учрашувида¸ айтилишича¸ ҳарбий амалиëтлар ҳудудида қолган фуқароларга гуманитар ëрдам ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинган.

Айни пайтда¸ Сурия мухолифатининг билдиришича¸ кеча ҳукумат учқичлари исëнчилар назоратидаги ҳудудларни бомбардимон қилган ва камида 20 одам нобуд бўлган.

БМТ Қочқинлар идорасига кўра¸ биргина август ойида 100 мингга яқин суриялик фуқаролик уруши туфайли ўз уй-жойини ташлаб қўшни мамлакатларга ўтган.