Россия-АҚШ ўртасида виза режими жўнлашди

Ню Йоркдаги Жон Кеннеди аэропорти АҚШнинг ҳаво дарвозаларидан бири бўлиб, океан ортидан келганларнинг кўпи мамлакатга шу "дарвоза" орқали киради.

Бугундан бошлаб Россия ва АҚШ ўртасида ўзаро виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга киради.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, мазкур битимга мувофиқ, Россия ва АҚШда юрган икки давлат фуқаролари эндиликда 6 ойлик визаларини ўз мамлакатларига чиқмасдан 3 йилгача чўздириш имкониятига эга бўладилар.

Россия томонидан фуқаролар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри таклифи асосида хизмат визалари, хусусий, гуманитар ва туристик визалар, Қўшма Штатлар томонидан эса туристик ва бизнес визалар расмийлаштирилиши айтилмоқда.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфолнинг билдиришича, АҚШ Россия билан визаларни тўла бекор қилинишига ҳаракат қилаяпти. Унинг фикрича, янги битим икки томонлама муносабатларда олға ташланган йирик қадам бўлиб ҳисобланади.