Афғонистонда Бағром қамоқхонаси назорати маҳаллийларга топширилади

Афғонистондаги Бағром қамоқхонаси.

АҚШ Толибоннинг террорчиликда гумонланган уч мингга яқин вакили сақланаётган Бағром қамоқхонаси устидан назоратни Афғонистон расмийларига топширмоқчи.

Бу 2014 йилда халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши арафасида мамлакатдаги барча қамоқхоналарни маҳаллий тузилмалар тасарруфига ўтказиб бериш бўйича Вашингтон ва Кобул ўртасида тузилган битимнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бу қарорни миллий суверенитет йўлидаги ғалаба ўлароқ олқишлади.

Бағром қамоқхонаси Афғонистондаги НАТО кучларининг Кобул шаҳридан 40 километр шимолроқдаги ҳарбий базаларидан бирининг ҳудудида жойлашган.

Шу йилнинг январ ойида Афғонистон тергов комиссияси америкалик ҳарбийларни Бағром қамоқхонасидаги маҳбусларни таҳқирлаганликда айблаб чиққанди.