Ал-Жазира сайти яна ҳакерлар ҳужумига учради

Қатарнинг Ал-Жазира телеканали бир ҳафта ичида иккинчи марта ҳакерлар ҳужумига дучор бўлди.

Айтилишича, уяли телефонларга ахборот тарқатадиган тизимга кириб олган ҳакерлар мижозларга сохта хабарлар тарқатган. Обуначилар олган ёлғон хабарлар орасида, масалан, Қатар Бош вазирига суиқасд уюштирилгани каби “янгилик”лар бор.

Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни президент Башар Ассад режимини ёқловчи Сурия электрон армияси ўз зиммасига олди. Бу ҳақда ҳакерлар ўзларининг Твиттер микроблогидаги аккаунтида билдирганлар.

Ўтган ҳафта жиноятчилар Ал-Жазира сайтига ёриб кириб, унга Сурия ҳукуматини қўлловчи шиорларни жойлаштирганди.

Қатар Башар Ассад режимининг энг ашаддий танқидчиларидан ва суриялик исёнчиларнинг энг фаол дастакчиларидан бири бўлиб ҳисобланади.