Мусулмон давлатларда АҚШ ва Ғарб элчихоналарига яна ҳужум қилинди

АҚШга қарши намойишчилар Исломобод шаҳридаги Америка элчихонаси томон кетаётган пайт, 2012 йил 14 сентябр.

Мусулмон давлатлардаги АҚШ элчихоналари олдида Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган филмга қарши норозилик намойишлари тўртинчи кун давом этди.

11 сентябрдан бери Ливия, Миср, Яман ва Яқин Шарқ давлатларида "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" номли филмга қарши норозиликлари бўлиб ўтди.

Жума куни Судан ва Тунисда ғазабга тўлган намойишчилар АҚШ элчихоналарига ҳужум қилди.

Тунисдаги Америка элчихонаси биносини қўриқлаётган полиция билан намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувда бир неча одам жароҳат олди.

Судан пойтахти Хартумдаги АҚШ элчихонасига ҳужум қилган намойишчилардан камида бир нафари полиция томонидан отиб ўлдирилди.

Ундан олдин беш мингга яқин намойишчи Хартумдаги Британия ва Германия элчихоналарига қилган ҳужум натижасида бинога жиддий зарар етгани хабар қилинди.

Ливан расмийлари исломчилар Ливан шимолидаги Триполи шаҳрида Америкага қарашли KFC ресторанига ҳужум қилгани ва ёқиб юборганини билдирди.

14 сентябр куни Яман, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон ва Афғонистонда ҳам намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.