Афғонистонда АҚШнинг икки аскари ҳалок бўлди

Британия шахзодаси Ҳарри Camp Bastion базасида, 2012 йил 7 сентябр.

Афғонистон жанубида жойлашган Британия ҳаво базасига исёнчилар уюштирган ҳужумда АҚШнинг икки аскари ҳалок бўлди, бир неча ҳарбий яраланди.

АҚШ расмийларига кўра, Ҳелманд вилоятидаги Camp Bastion базасига ҳужум пайтида 16 жанггари ўлдирилган.

Британия тахтини эгаллаш учун навбатда учинчи бўлиб турган шахзода Ҳарри тўрт ойлик жанговор ҳарбий хизматни мазкур базада ўтамоқда.

Британия расмийлари ҳужум пайтида Ҳаррига зиён етмаганини маълум қилди.

Расмийларга кўра, исёнчилар минамёт, гранатамёт ва енгил қуроллардан фойдаланган ҳужумда бир неча учқичга зиён етган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.