АҚШ генерали Кобулни НАТО ҳарбийларига ҳужум муаммосини ҳал қилишга чақирди

АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасининг раиси Мартин Демпси.

АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасининг раиси Мартин Демпси афғонистонлик аскарларнинг НАТО ҳарбийларига ҳужумларини “ўта жиддий” муаммо, деб атади.

Пентагон янгиликлар хизматига берган интервюсида генерал Демпси Афғонистон ҳукумати бу ички таҳдидга жиддийроқ муносабатда бўлиши лозимлигини билдирди.
Бу изоҳ Афғонистон жанубидаги Зобул вилоятида америкалик тўрт аскар ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабар билан боғлиқдир.

Афғонистон хавфсизлик кучлари кийимидаги одамлар ҳужумидан йил бошидан буён НАТОнинг 51 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган, улардан 15 нафари август ойида ўлдирилган.

Якшанба куни Афғонистон расмийлари халқаро кучларни мамлакат шарқида амалга оширилган ҳаво зарбаси чоғида саккиз аёлни ўлдирганликда айблаб чиқдилар. Халқаро кучлар қўмондонлиги бу борада чуқур таассуф билдирди.