Афғонистонда ўлган америкалик аскарлар икки мингга етди

Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Зоҳир Азимий (ч) ва Халқаро кучлар қўмондони генерал-лейтенант А.Брэдшоу.

Афғонистонда НАТОнинг бир аскари ва шартнома асосида ишлаётган маҳаллий фуқаро Афғонистон хавфсизлик кучлари аъзоси экани айтилаётган шахс томонидан отиб ўлдирилди.

НАТО етакчилигидаги Халқаро кучлар воқеа 29 сентябр куни Афғонистон шарқида рўй берганини билдириб, ҳужум тафсилотлари ҳақда бошқа маълумот тарқатмади.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро кучлар қўмондони генерал-лейтенант Адриан Брэдшоу талафот кўрилганидан афсусланиш билдирди:

- Халқаро кучларнинг бир аскари ва Халқаро кучлар билан шартнома асосида ишлаётган маҳаллий фуқаро, шунингдек, Афғонистон Миллий армиясининг уч аскари ўлгани жуда ачинарли ҳол, деди генерал Брэдшоу.

Бу билан Афғонистондаги 11 йиллик урушда ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлари сони 2000 кишига етди.

Жорий йил бошидан бери Афғонистон хавфсизлик кучлари аъзолари ғарблик ҳамкасбларига қарата ўт очгани оқибатида НАТОнинг 52 ҳарбийси ҳалок бўлди.