Туркия ўз ҳаво ҳудуди орқали Сурия самолётлари парвозини таъқиқлади

Суриянинг Анқара аэропортига қўндирилган йўловчи самолёти, 2012 йил 10 октябр.

Туркия Сурияга қарашли барча йўловчи самолётлар Туркия ҳаво ҳудуди орқали учишини таъқиқлади.

Анқара расмийларининг ушбу қарори Сурия ўз ҳаво ҳудуди орқали Туркия самолётлари парвозини ман қилганидан бир неча соат кейин эълон қилинди.

Тўрт кун олдин Москвадан Дамашққа учаётган Суриянинг йўловчи самолёти Туркия ҳаво ҳудудида парвоз қилаётган пайтда Анқарага мажбуран қўндирилган ва расмийларга кўра, самолёт бортидаги ҳарбий ускуналар мусодара қилинган.

Шу боис Сурия ўз ҳаво ҳудуди орқали Туркия самолётлари парвозини ман қилган.

Туркия ва Сурия ўртасида таранг вазият 3 октябр куни Суриядан отилган снаряд Туркия ҳудудига келиб тушган пайтда тинч аҳолидан беш киши ҳалок бўлганидан сўнг юзага келди.

Туркия ўз қўшинларига Суриядан снаряд келиб тушган пайтда жавоб ўти очишга буйруқ берган.

Бу Суриядаги бўҳрон қўшни давлатларга ёйилиши мумкинлиги ҳақидаги халқаро ҳамжамият хавотирини кучайтирди.