Нижний Новгородда ўзбек қочқини бедарак йўқолди

Ўзбекистонлик қочқин турмадан чиққач, уни ҳеч ким кўргани йўқ.

Нижний Новгородда бундан 10 кун олдин йўқолган ўзбекистонлик қочқин Азаматжон Эрмаков ҳанузгача топилгани йўқ. Ҳуқуқ ҳимоячилари Эрмаков ўзбек махфий хизматлари томонидан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилганини тахмин қилишмоқда.



Азаматжон Эрмаков 2012 йилнинг 2 ноябрида Нижний Новгороддаги қамоқхонадан озодликка чиққан пайтда бедарак йўқолган. Ҳуқуқ ҳимоячилари 40 ёшли ўзбекистонлик қочқин Эрмаков махфий хизматларнинг навбатдаги қурбонига айланган бўлиши мумкин.

Эрмаковни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида ҳимоя адвокат Надежда Ермолаева Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқибга учраган Азамат Эрмаков аллақачон ўз юртига олиб кетилган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

- Дастлабки маълумотларга кўра, ўғирлаш ҳолати бўлган. Биринчидан, у йўқолиб қолганидан кейин на адвокати, на яқинлари билан алоқага чиққан. Шунингдек, унинг кейинги тақдири ҳақида на Ўзбекистондаги қариндошлари, на Россиядаги танишлари билишади. Тахминимизга кўра, 5 ноябр куни Новгород-Тошкент йўналиши бўйича авиарейс бўлган – у шу рейсда олиб кетилган бўлиши мумкин. Азамат билан тергов изоляторига учрашувга келган унинг Новгороддаги адвокати Юрий Сидоровга 2 ноябр куни Эрмаков озод этилганини билдиришган. Бироқ, шундан бери у ҳақда ҳеч нарса билмаймиз,- дейди Озодликка Надежда Ермолаева.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F67231182&show_artwork=true

Азаматжон Эрмаков 2011 йилнинг 1 июлида Нижний Новгород шаҳрида қўлга олинган: полиция кўчада кетаётган қочқин Азаматжон Эрмаковнинг шими орқа чўнтагидан жанговар граната мусодара топилганини иддао қилган.

Канавинский туман суди Эрмаковнинг граната унга полиция ходими томонидан полиция бўлимида солиб қўйилгани ҳақидаги иддаоларини инобатга олмасдан, Эрмаковни 1 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Маълум бўлишича, Юрий Сидоров Страсбург суди ҳимояси остида бўлган ўзбек қочқинининг йўқолгани юзасидан полиция, прокуратура ва бошқа идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, ҳимоячилар Азаматжоннинг Россия чегарасини қаерда, қачон ва қандай вазиятларда кесиб ўтгани борасида ФСБнинг Чегара хизматига сўровнома юборди.

Надежда Ермолаева сўнгги бир неча йил давомида Россияда қочқинлик мақомида юрганларнинг ўғирлаб кетилиши ҳолатлари бир неча маротаба кузатилгани ва бу “махсус амалиётларда” ФСБ фаол иштирок этгани тўғрисида инкор этиб бўлмас исбот-далиллар борлигини гапиради.

- Бир неча ўғирлашлардан кейин, бир ҳафта ёки бир неча кун ўтиб бу одамлар Ўзбекистон, Тожикистон ёки бошқа мамлакатлардан топилган. Махсус хизматларнинг одам ўғирлаши ҳолати кейинги бир ярим йил давомида, айниқса, фаоллашди. Мухолифатчи Развозжаевнинг Украинадан ноқонуний равишда ўғирлаб келиниши бунга яққон мисол бўлиши мумкин. Бир томондан, бу давр ичида биз Эрмаковникига ўхшаш кўплаб ишларни Страсбургда, Олий ва маҳаллий судларда ютиб чиқдик. Махфий хизматларга эса бошқа чора қолмаётган, кўринади,- дейди ҳимоячи Надежда Ермолаева.

Ермолаева бугунга келиб Ўзбекистон ва Россия ўртасида сиёсий муносабатлар бироз совуқлашганига қарамасдан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида махфий хизматларнинг ҳамкорлиги борган сайин кенгайиб бормоқда, дейди.

Асли Андижоннинг Жалоқудуғидан бўлган Азаматжон Эрмаков “Фуқаровий кўмак” марказига берган маълумотида 1995 йилдан буён намоз ўқиши, ҳеч қандай сиёсий ёки бошқа жамоат ташкилотлари, шу жумладан, террорчилик ёки экстремистик ташкилотларга аъзолик қилмаганини билдирган.

У Андижон вилоят Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан 2009 йилнинг октябридан буён қидирувда бўлган. Адвокатларнинг Озодлик мухбирига билдиришича, Ўзбекистонда Азаматжон Эрмаковга одатдаги 159 (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 242 (Жиноий гуруҳ ташкил этиш), 244/1 (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш), 244/2 (Диний экстремистик, айирмачилик, фундаменталистлик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларни ташкил этиш, раҳбарлик қилиш ҳамда аъзо бўлиш) каби моддалар асосида айблов эълон қилинган.

Биринчи маротаба Эрмаков Нижний Новгородда 2009 йил 14 ноябрида ҳибсга олинган. 2010 йилнинг 22 сентябрида Россия Бош прокуратураси Нижний Новгород судининг қочқинлик мақомини олиш арафасида турган Эрмаковни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини маъқуллаган. Аммо ўша куни Европа суди Эрмаковнинг экстрадициясини тўхтатиш тўғрисида ўз йўриқномасини эълон қилган.

2011 йилнинг 13 майида 18 ойлик қамоқ муддатини ўтагач¸ халқаро босим остида маҳаллий тергов изоляторидан чиқариб юборилган эди.

Лекин 2011 йилнинг 1 июлида Азаматжон Эрмаков Нижний Новгород шаҳрида яна бир маротаба қўлга олиниб, чўнтагидан чиққани иддао қилинган граната учун 1 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Кузатувчилар бу сафар турмадан чиқарилган андижонлик қочқин тўғридан-тўғри Ўзбекистон махфий хизматлар қўлига топширилганидан хавотир билдирмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Нижний Новгородда ўзбек қочқини бедарак йўқолди