Ўшда наркотикларга қарши кураш бошқармаси раҳбари пора билан ушланди

Ўш шаҳрида Қирғизистоннинг Наркотикларга қарши кураш бош бошқармалигининг Жанубий бошқармаси бошлиғи катта миқдорда пора олаётганида қўлга олинди.

Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.

Маълумотга кўра, ички ишлар полковники Элдар Қудайбердиев ўшлик фуқародан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда ушланган.

Аниқланишича, Қудайбердиев ва унинг ёрдамчиси фуқарони унга қарши бангфурушликка оид сохта жиноят иши очиш билан қўрқитишган ва ундан 15 минг доллар пора олмоқчи бўлишган.

Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, айбланувчилар тергов изоляторига юборилган.