Урганчда газ, Чироқчида чироқ йўқ

Газ ва чироқ йўқлиги қиш мавсумининг бу йил ҳам ўтган йилдагидай оғир келишидан далолат бериб турибди.

Кейинги кунларда бутун Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетди. Мутахассислар об-ҳавонинг бу ўзгаришида аномаллик кўрмаётганини айтаётган бўлса ҳам, энергия таъминотидаги узилишлар эндигина бошланган қиш мавсумининг бу йил ҳам ўтган йилдагидай оғир келишидан далолат бериб турибди. Сўнгги кунларда Ўзбекистон Қозоғистонга узатаётган табиий газ ҳажми икки бараварга қисқаргани хабар қилинди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан эса, электр энергияси ва газ тақчиллиги тўғрисида хабарлар келмоқда.



Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати сайтига кўра, 16 декабр, кундузи Нукусда 18, Урганчда 14, Гулистонда 12 даража совуқ бўлган.

17 декабрга ўтар кечаси Нукусда 24, Урганчда 19, Гулистонда 15 даражага тушган.

Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳарорат тилга олинган вилоятлардагидан бироз илиқроқ бўлган.

Урганчнинг баъзи мавзеларида газ ҳам, электр ҳам йўқ

Исмини айтмаслигимизни сўраган урганчлик аёл эса, ўз ҳовлисидаги термометр кўрсаткичидан келиб чиқиб, кеча бизда23 даража совуқ бўлди, деб хабар қилди.

Унинг айтишича, 17 декабр куни совуқнинг шашти бироз қайтган.

- Бугун эрталаб 19 – 17 даражага тушди, деди урганчлик аёл.

Мана шундай шароитда, аёлнинг айтишича, газ ҳам, электр энергияси ҳам етарли берилмаяпти.

- Газни ҳам, электрни ҳам ўчириб қўйишаяпти. Уйда музлаб ўтирибмиз. Биз, катталарку, майли, иссиқ кийиниб жон сақлармиз. Лекин эмизикли болалари борлар нима қилсин?!, деб зорланди урганчлик аёл.

Шуни айтиб ўтиш керакки, урганчлик аёлнинг айтишича, бу аҳвол кейинги кунлардаги совуқ билангина боғлиқ эмас – у яшайдиган кўпқаватли уйларда сўнгги 5 – 6 йилдан бери аҳвол шу.

Унинг сўзларига қараганда, газ Урганчда умуман йўқ, деб бўлмайди.

- Шаҳарнинг газ яхши ёнадиган баъзи мавзелари ҳам бор, деди аёл.

Нукус – энг совуқ шаҳар, лекин газ бор

Афтидан, нукуслик Ўринбой ака Қорақалпоғистон пойтахтининг газ яхшироқ ёнадиган мавзеида яшайди.

- Ҳаво совуқ. Тунда 24-26 даража бўлади. Ҳозир ҳам 15 даража.

Озодлик: Ҳар йили декабр ўрталарида шунақа совуқ бўлармиди?

- Ўтган йиллар унчалик бўлмас эди. Бу йил чатоқ бўлаяптида.

Озодлик: Газ, свет борми?

- Бор.

Озодлик: Уйни бемалол иситаяпсизларми?

- Уй иссиқ, ҳа уй иссиқ, дейди нукуслик Ўринбой ака.

Чироқчида яна чироқ йўқ

Нукусликлар, ёки шаҳарнинг суҳбатдошимиз яшайдиган мавзеи аҳолиси тунлари ҳаво қарийб 25 даража совуётган бир шароитда газ ва электр энергиясидан фойдаланаётган бир пайтда Қашқадарёнинг Чироқчи тумани қишлоқларида газ билан электр бу йил ҳам тақчил.

Бу йил ҳам деганимизнинг боиси бор: чироқчиликлар ўтган қиш мавсумида энергия тақчиллигидан энг кўп зорланганлар орасида бўлган эди.

Ўрта мактабда 22 йил ўқитувчилик қилган тингловчимиз қишлоғида бир ҳафтадан бери электр йўқлигини айтиб берди.

- Чироқ йўқ Чироқчида. Олти кундан бери умуман бир секунд ëнгани йўқ. Мана бугун билан 7 кун бўлади. Ўзимиз қўлбола генератор билан качалка қудуқ кавлаганмиз. Ҳозир энди қудуққа тушиб 1-2 метр лойини олиб чиқди. Лойқа сув бўлса ҳам молларни суғораяпмиз. Ўзимиз тиндириб ичаяпмиз. Бундан ҳар қандай вирус чиқадида энди, деди 22 йилдан бери ўқитувчилик қилаётган чироқчилик тингловчимиз.

Янаям, унинг ва ҳамқишлоқлари бахтига Қашқадарё вилоятида ҳарорат Нукус ёки Урганч, Гулистон ёки Жиззахдагидай кескин тушиб кетмади. 16 декабр, кундузи +1 даража бўлди.

Лекин 17 декабрга ўтар кечаси совуқ 8 даражага тушди.

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати сайтига кўра, жорий ҳафта давомида шу кундаги совуқ деярли сақланиб қолади.

Тошкентда 18 декабрга ўтар тунда 8 – 10, кундузи 4 – 6 даража совуқ бўлади.