Уч сўхлик қирғиз чегарачилари қўлида қолмоқда

Ўзбекистонликлар Сўхдан Риштонга кетаётган пайтда Қирғизистон ҳудудида қўлга олинган.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати уч ўзбекистонлик 12 январ куни Боткен вилоятининг Қадамжой туманида давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузгани учун ушланганини айтмоқда. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари эса 3 сўхлик қирғиз чегарачилари томонидан "гаровда ушлаб турилганини" тахмин қилмоқда.


21 январ куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот бўлими Сўхда истиқомат қиладиган уч ўзбекистонлик - 1976 йилда туғилган Нишонов Р.Г., 1976 йилда туғилган Каримов Ю.Г. ва 1990 йилда туғилган Юлдашев Ф.У.лар шу йилнинг 12 январ куни Боткен вилоятидаги Жаш-Тилек қишлоғида ушлангани ҳақида расмий баёнот тарқатди.

Қирғизистон чегара хизмати уч нафар Ўзбекистон фуқароси 10 кун аввал ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Баёнотда айтилишича, сўхлик уччовлон Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузган.

Ўзбекистонликларнинг чегарани ўтиш учун белгиланмаган қисмидан ўтишга урингани ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат - паспортсиз бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, расмий хабарда Ўзбекистон фуқароларининг ҳозирда Боткен вилояти Ички ишлар бошқармасида сақланаётгани ва уларнинг иши бўйича суриштирув бораётгани ҳам маълум қилинган.


Facebookдаги хабар

Аммо, 21 январ куни Қирғизистонда қолаётган уч сўхлик ҳақида хабар тарқатган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ўзининг facebookдаги саҳифасида мана бундай эълон берди:

“Яқинлари ва қариндошларидан олганим маълумотга кўра, Сўх туманидаги Сарибозорча қишлоғида яшайдиган ўзбекистонлик уч фуқаро: 1976 йилда туғилган Нишонов Рустамжон Ғайратович, 1976 йилда туғилган Каримов Юнусжон Ғаниевич ва 1990 йилда туғилган Юлдашев Феруз Ўткирзодалар Сўхдан Риштонга олиб борадиган йўлда Қирғизистон фуқаролари томонидан гаровга олинган. Улар қирғиз фуқароларига қарашли машинада айланма йўллар орқали Риштонга етиб олмоқчи бўлган. Гаровга олинганларнинг ҳозир қаерда эканлиги, уларнинг тақдири не кечгани номаълум қолмоқда”.

Ўзбекистонликларнинг Қирғизистон фуқаролари томонидан "гаровга олинганини" тахмин қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси билан боғландик.

“Сўхликлар қирғизистонликнинг таксисига ўтирганидан сўнг йўқолган”


Абдусалом Эргашевнинг душанба куни Озодликка айтишича, Ўзбекистон фуқаролари 12 январ куни Сўхдан Риштонга кетаётган пайтда Қирғизистон ҳудудида қўлга олинган.

- Учта Ўзбекистон фуқароси қамал қилинган. Сўх анклавидан Риштонга ишлари бўйича ўтиб келишаëтганда мажбур бўлишга айланма йўл орқали. Чунки йўлларга шағал, тошлар тўкиб қирғизлар йўлларнинг ҳаммасини тўсиб ташлашган. Айланма йўллар билан қирғиз таксистлари ўтказиб қўямиз деб машинага ўтказишиб, менимча ўша таксистлар ўзлари топшириб юборишган. 12 январ куни бўлган. Бу аниқ маълумот. Бугун 21 январ. Бундан 11 кун олдин, деди қатъий ишонч билан Абдусалом Эргашев.

“Мен улардан бирини танийман”

Кейинги кунларда Сўх билан боғланиш деярли имконсиз бўлиб бормоқда.

Шунинг учун ҳуқуқ ҳимоячисидан олинган маълумотни текшириш учун Россияда ишлаётган сўхлик Муҳаммад билан боғланиб, ундан ўсмоқчилаб сўрадик.

Муҳаммаднинг айтишича, бу воқеа ҳақида бир ҳафта аввал сўхликлар билан гаплашиб хабар топган.

- Ўша куними, эртаси куними, бир ҳафта олдин эшитдим. Бир ҳафтадан кўпроқ бўлган бўлса керак. Ўша Сўхда у ëқ бу ëққа телефон қилиб, биттасини танийманда у болалардан. Иккитасини танимадиму, биттасини мана бу ерда биз билан ишлайдиган бола таниркан. Биттасини мен танийман. Исми Юнус. Фамилиясини билмайман. 1976 йилда туғилган. Уч киши қўлга олинган деб эшитдим мен, деди Муҳаммад.

Шундай қилиб, фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев тўла ишонч билан тарқатган хабарни сўхлик Муҳаммад билвосита тасдиқлади.

Сўхликлар тақдири давлат сирими?

Қирғизистон чегарачилари қўлида ушлаб турилган ўзбекистонликлар тўғрисида расмий маълумот олиш учун Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси билан боғландик.

Бошқарма телефонини кўтарган ходим саломдан кейиноқ ўзимизни таништирганимизга қарамай, саволимизга жавоб бериш ўрнига савол бера бошлади.

Озодлик: "Учта сўхликни 10 кундан бери қирғизлар гаровда ушлаб турибди", деган хабар пайдо бўлди. Биласизларми шуни, билмайсизларми?

- Бизми?

Озодлик: Ҳа.

- Фамилиянгиз нима ака?

Озодлик: Сарвар Усмон.

- Қайси радиодан?

Озодлик: Озодлик радиосидан. Хабаринглар борми шундан йўқми?

- Фамилиянгизни нима дедингиз?

Озодлик: Сарвар Усмон. Усмонов.

- Телефонингиз неччи?

Озодлик: Телефоним узун.

- Қайтарворамиз.

Озодлик: +420221123389. Энди сиз менга айтинг. Шу гап ростми ëлғонми?

- Телефон қилиб юборамиз сизга Сарвар ака.

Озодлик: Бир оғиз гап.

- .....

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси расмийси қайтиб телефон қилмади.

Лекин у уч сўхликнинг қирғиз чегарачилари қўлида қолаётгани тўғрисидаги хабарни тасдиқламагани ҳолда инкор ҳам этмади.

Сўх йўллари ёпиқлигича қолмоқда

Бу гапни бугунги суҳбатдошларимизнинг барчасидан эшитдик.

Қирғизистон парламенти депутати Улукбек Кочкоров Боткен ва Сўхдаги аҳвол билан танишиб қайтди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан, депутат Сўх анклавидаги аҳволга тўхталиб, жумладан бундай деди:

- Улар тўла изоляцияда яшаётгани учун озиқ-овқат ва ёнилғи кескин қимматлаб кетган. Аҳвол шу тарзда давом этса, қўшни мамлакатнинг у ерда яшаётган аҳолисига жуда оғир бўлади, деди Қирғизистон парламенти депутати Улукбек Кочкоров.

Сўх инцидентидан бир неча кун ўтгач, ўтган ҳафтада Ўзбекистон ҳам Қирғизистон билан чегара марраларини ёпиб қўйди. Натижада Андижон вилояти ҳудудидаги Қирғизистоннинг Барак эксклави ҳам изоляцияда қолди.

Нима бўлган эди

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.