АҚШ Эрон телерадиокомпаниясига санкциялар жорий этди

Эрон давлат телерадиокомпанияси логоси

АҚШ Эрон давлат телерадиокомпанияси ва унинг раҳбарига нисбатан молиявий санкцияларни жорий этди.

Молиявий санкциялар Эронда интернет тармоқларидаги оммавий ахборот воситаларни назорат қилиб борувчи Киберполицияни ҳам чеклаб ўтмади.

Вашингтон бу ташклилотларни Эронда цензура ўрнатиш, чет эл телеканалларига атайин тўсиқлар яратиш ҳамда интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали сиёсий фаолларни таъқиб этиш билан шуғулланишда айбламоқда.

Санкциялар АҚШнинг Молия вазирлиги тарафидан жорий этилган. Мамлакат қонунига кўра, Молия вазирлиги маълумот эркинлигига тўсқинлик қилаётган ташкилот ёки шахсларга нисбатан санкция қўйиш ҳуқуқига эга.

Вазирлик берган маълумотда айтилишича, 2009 йилги президент сайловларидан сўнг Эрон ҳукумати цензура ва маълумотни филтрлаш ишларини кучайтирган.