“Abu-Sahiy” ширкатидан олинган маълумотга кўра, 8 февралдан буён ёпиб қўйилган ширкатнинг Тошкентдаги хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази 15 мартдан бошлаб яна ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
“Режадаги текширув”
Озодлик мухбири 26 феврал куни “Abu-Sahiy” ширкатининг хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази ҳисобланган "Карго сервис" идораси ходимларидан бири билан боғланишга муваффақ бўлди.
Унинг айтишича, идорада 8 феврал куни бошланган текширувнинг март ойи бошларида тугаши кутилаяпти.
“Текширув охирига етиб қолди. Шу март ойининг бошларида тугаб қолади”, деди суҳбатдош.
Бироқ у аниқ бир санани тилга олмади.
“Abu-Sahiy”нинг Истанбулдаги идорасининг ўзини таништирмаган ходими эса текширув ишлари 15 мартгача тугаши мумкинлигини айтди.
“Биз юк қабул қилишни 15 мартдан бошлашимиз мумкин. Ҳозир Тошкентдаги идорада текширув кетаяпти. Ҳозир умуман юк қабул қилмаяпмиз. Тошкентдаги раҳбарларимизнинг айтишича, 15 мартгача ҳаммаси ўз жойига тушади”, деди ширкатнинг Истанбулдаги вакили.
8 февралдан бошлаб мазкур ширкатда прокуратура, божхона ва хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат махсус гуруҳ текширув ўтказаётгани айтилган эди.
“Гуанчжоудан келтирган товаримнинг ярмини олиб чиққандим. Ярми Карго омборида қолиб кетди. Телефон қилсак жавоб беришмаяпти. Қачон олиш мумкинлигини ҳеч ким айтмаяпти”, деди савдогар йигит.
Тадбиркорлар хориждан келтириладиган товар маҳсулотларига нисбатан президент қарори билан жорий этилаётган чеклов 1 апрелдан кучга киргач, “Abu-Sahiy” компанияси омборларида қолаётган маҳсулотлари мусодара қилиниши ва мулкидан айрилиши мумкинлигидан хавотир қилмоқда.
Суҳбатлашганимиз ширкат ходими тадбиркорларнинг бу хавотирига асос йўқлигини таъкидлади.
“Товарлар бус-бутун сақланаяпти. Ҳеч ким мусодара қилмайди. Бу бўлмаган гап. Текширув тугагач, ҳамма товарини тўлиқ олади”, деди ширкат ходими.
Шунингдек, ушбу компания Жанубий-шарқий Осиёдан бошлаб, Ғарбий Европагача бўлган давлатлардан турли кўринишдаги товарларни харид қилиш, юкларни етказиб бериш ва сақлаш бўйича хизмат кўрсатади.
Тошкентлик сотувчиларга кўра, ушбу ширкат буюртма қилинган юкни хорижда қабул қилиб, буюртмачининг Ўзбекистондаги уйи ёки идорасининг остонасига қадар етказиб беради.
Савдогарларнинг айтишича, “Abu-Sahiy” ширкатининг эмблемаси ёпиштирилган юкларни ҳеч ким текширмайди ва юкни етказиб бериш жараёнида ширкат учун муаммолар, одатан туғилмайди.
Uzmetronom.com сайти иддаосига кўра, мамлакат бозорларидаги хорижий товарларнинг 90 фоизи “Abu-Sahiy” томонидан келтирилаяпти ва ширкат чет элдан товар келтиришда, асосан ноқонуний йўлларни танлайди.
Foreignpolicy.com сайти маълумотига кўра, бир кунлик пул айланмаси 250 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган “Abu-Sahiy” ширкати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевага қарашлидир.
Fergana.ru сайтининг ёзишича, бу ширкатни аслида Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи, Тошкент кланидан экани айтиладиган бизнесмен Тимур Тиллаев бошқаради.