АҚШ Бағромдаги ҳибсхона назоратини афғонларга топширди

Қўшма Штатлар Бағром ҳаво базасидаги ҳибсхона устидан назоратни расман Афғонистон ҳукумат кучларига топширди.

Афғонистондаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Жозеф Данфорд душанба кунги маросимда қилган чиқишида буни “Афғонистоннинг салоҳияти ва суверенитети мустаҳкамланиб бораётгани белгисидир” дея атади.

Парван ҳибсхонаси устидан назоратнинг топширилиши ҳақида ўтган шанба куни эълон қилинган эди.

Назоратни афғонларга топшириш 9 март кунига белгиланган эди, лекин Вашингтон билан Кобул ҳибсхонада сақланаётган ва АҚШ томонидан ўта хавфли деб кўрилган маҳбусларнинг тақдири борасида келиша олмагани боис кечиктирилган эди. New York Times газетасининг хабар қилишича, АҚШ ҳукуматига бу маҳбуслар озод қилинмаслиги тўғрисида ваъда берилган.