Ҳаага трибунали икки сербни 22 йилга озодликдан маҳрум этди

Мило Станишич Ҳаага трибуналида кўрсатма бермоқда.

Ҳаага халқаро трибунали 1990 йиллар ўрталарида ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбланган икки босниялик сербни 22 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қамалганлардан бири Мило Станишич ўша пайтда Босния серблари республикасининг ички ишлар вазири бўлган. Судланганлардан яна бири Стоян Жуплянин эса хавфсизлик хизматида юқори лавозимни эгаллаган. Улар босния мусулмонлари ва хорватларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлганликда, уларни қийноққа солганликда ҳамда ўлдирганликда айбдор деб топилди.

Станишич 2005 йилда трибуналга ўз ихтиёри билан асир тушган эди. Жуплянин эса 2008 йилда қўлга олинган. Улар босния сербларининг собиқ ҳарбий лидери Радован Караджичнинг ёрдамчиси бўлган. Радован Караджич иши ҳам айни пайтда судда кўрилмоқда. У трибунал томонидан геноцидда айбланмоқда.