Покистонда сайлов арафасида яна тўрт киши ҳужум қурбони бўлди

Карачи шаҳридаги ҳужумга учраган Муттаҳида қавми ҳаракати идораси.

Покистонда парламент сайлови арафасида бомба ҳужумлари авж олмоқда.

Покистон полициясига кўра, якшанба куни Ҳайбер Пахтунхва вилоятининг Коҳат шаҳрида мустақил номзод идораси ташқарисида бомба портлагани оқибатида камида тўрт киши ўлган, йигирмадан ортиқ одам яраланган.

Бир кун олдин Карачи шаҳрида сайловолди кампанияси олиб бораётган икки номзодга қарши уюштирилган портлашда тўрт киши нобуд бўлган, қирқдан зиёд одам яраланган эди.

Ҳужумлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Шанба кунги ҳужумлар Покистон халқ партияси ва Муттаҳида қавми ҳаракатининг номзодларига қарши амалга оширилган.

Толиблар нисбатан либерал ва дунёвий деб қараладиган ушбу икки партия ва Авоми миллий партияси номзодларига ҳужум уюштиришга таҳдид қилган.