Сурияда исёнчилар БМТнинг тўрт ҳарбийсини ушлаб турибди

Суриянинг Исроил билан чегараси яқинида исёнчилар БМТ тинчликпарвар миссиясининг филиппинлик тўрт аъзосини ушлаб турганини маълум қилди.

“Ярмук жафокашлар бригадаси” номли исёнчилар гуруҳи ўз Facebook саҳифасида ҳудудда вазият хавфли экани туфайли филиппинлик ҳарбийларни хафвсиз жойда ушлаб турганларини билдирди.

Гуруҳ ижтимоий тармоқда хавфсизлик чоралари туфайли ушлангани айтилаётган БМТ тинчликпарвар ҳарбийларининг суратларини ҳам чоп этди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун тинчликпарвар миссия аъзолари ушланишини кескин қоралади ва уларнинг дарҳол қўйиб юборилишини талаб қилди.

Жорий йилнинг март ойида “Ярмук жафокашлар бригадаси” исёнчилар гуруҳи бу ҳудудда БМТнинг 21 нафар филиппинлик ҳарбийсини қўлга олган эди.

Халқаро ҳамжамият буни гаровга олиш сифатида баҳолаган, бироқ исёнчилар ҳарбийларни уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ушлаганини билдирган эди.