"Ватан шаҳидлари" судьяларни изламоқда

Қирғизистон парламенти депутатлари суд залидан озод қилинди.

Қирғизистондаги “Мекен шейиттери” (“Ватан шаҳидлари”) жамоат ташкилоти “Ата Журт” партиясининг уч депутатини суд залидан озод қилган судьяларни излаб топмоқчи.

Кеча Бишкек шаҳар суди раиси бугун маҳаллий соат 4 да учрашув уюштириб беришни уларга ваъда қилган эди. Лекин бугун белгиланган вақтда учрашув бўлмади ва бу ҳолат судьяларни топиб бўлмаётгани билан изоҳланди.

Қирғизистон парламентининг уч депутати ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланиб, Бишкек шаҳар туман суди томонидан бир йилдан бир ярим йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Бироқ куни кеча Бишкек шаҳар суди уларни айбсиз, деб топиб, суд залидан озод қилди.

“Мекен шейиттери” ва "Айкөл Ала-Тоо" жамоат ташкилотлари суддан ўз ҳукмини тушунтириб бериш талаби билан кеча норозилик акцияси уюштирган эди.