Москва ва Петербургда муҳожирлар ҳимоясига намойиш ўтказилди

Москвада меҳнат муҳожирларига қарши амалиёт пайти.

Москва ва Петербургда сейшанба куни меҳнат муҳожирлари ҳимоясига ўтказилган намойишларда ўнлаб одамлар иштирок этди.

Намойшлар Россия социалистик ҳаракати ва Фуқаролик ҳамкорлиги ташкилотлари томонидан ўтказилди. Пикетчилар Россия ҳукуматидан меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларига амал қилишни талаб этди.

Аввалроқ Подмосковьедаги Одинцово туманида 270 муҳожир қўлга олинган эди. Янги Москва деб аталувчи ҳудуддаги бозордан эса 240 меҳнат муҳожири ҳибс қилинган.

Ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлга олиш амалиёти Россиянинг турли шаҳарларида Москвадаги Матвеев бозорида 27 июл куни полициячси калтакланганидан сўнг ўтказила бошланди.

Шу кунгача биргина Москванинг ўзида бир неча минг меҳнат муҳожири қўлга олингани айтилмоқда.