АҚШ ва Россия расмийлари Сурия масаласи бўйича музокаралар ўтказади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров пайшанба куни Сурия масаласи бўйича музокаралар столига ўтиришади.

Расмийлар асосан Суриянинг кимёвий қуролларини халқаро ҳамжамият назоратига ўтказишга оид Россия таклиф этаётган режа бўйича сўзлашиши кутилмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, эксперт гуруҳлари билан биргаликда Женевада ўтадиган музокаралар камида икки кунга чўзилиши мумкин.

Сешанба куни Америка халқига қилган мурожаатида АҚШ пезиденти Барак Обама дипломатик уринишларга имкон бериш мақсадида Конгрессни Сурияга нисбатан ҳарбий зарба бериш масаласига доир муҳокамаларни тўхтатиб туришни сўраганини билдирди.

Франция тарафидан киритилган резолюция БМТ Хавфсизлик кегашининг беш доимий аъзоси вакиллари тарафидан чоршанба куни муҳокама этилди.

Агар кимёвий қуролларни топширмаса Сурия режимига нисбатан ҳарбий куч қўллаш ҳақидаги резолюция Россия тарафидан рад қилингани айтилмоқда.