Ўзбекистонлик аёл Қирғизистон чегарачиси томонидан яраланди

Бу ҳақда 24 сентябр куни Қирғизистон Чегара хизмати баёнот тарқатди. Маълум қилинишича, мазкур воқеа 21 сентябр куни содир этилган, аммо бу ҳақда фақат уч кун ўтибгина жамоатчиликка хабар берилган. Қирғиз расмийлари 22 сентябрда Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистонга тегишли объектда текширув ўтказганини ҳам иддао қилмоқда.
Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, ўзбекистонлик аёл Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Жийдеариқ ҳудудида Ҳайдаркон чегара наряди томонидан ўқотар қуролдан яраланган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистонлик аёл Қирғизистон чегарачиси томонидан яраланди


Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Сажира Чоколоеванинг Озодликка айтишича, чегарачилар Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний тарзда ўтаётган уч аёл кишини кўриб қолган. Аввалига чегарачилар осмонга қарата ўқ отган.

-Бироқ аёллар чегарачиларнинг огоҳлантирувчи ўқ отишига эътибор бермай, Қирғизистон ҳудудига ичкарилашда давом этган. Ҳарбийлар чегарабузувчиларга қарата ўқ отишга мажбур бўлган, натижада аёллардан бири оёғидан яраланган, - деди Сажира Чоколоева.

Сўнгги хабарларга қараганда, яраланган ўзбекистонлик аёл Қадамжой туман касалхонасига ётқизилган. Айни пайтда унинг бу ерда даволанаётгани айтилмоқда.

Мазкур воқеа юзасидан Боткен горнизони ҳарбий прокуратураси жиноят иши очган. Сажира Чоколоева жиноят иши очилгани туфайли яраланган ўзбекистонлик аёлнинг исми –шарифини ва Ўзбекистоннинг қайси еридан эканини айта олмаслигини билдирди. Унга кўра, яраланган аёлнинг қолган икки шериги Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида мана шундай вазиятлар 2013 йилда бир неча марта содир этилди. Июн ойида Ўзбекистон чегарачилари томонидан Қирғизистоннинг бир фуқароси отиб ўлдирилди, июл ойида эса қирғиз чегарачилари ўзбекистонлик икки ҳамкасбини отиб қўйган. Ўқ еган Ўзбекистон чегарачиларидан бири воқеа жойида, яна бири касалхонада жон берган.
Бундан ташқари ўзбек –қирғиз чегарасида бошқа жанжалли ва катта низога айланиб кетган воқеалар бўлиб ўтган. Уларга мисол қатори январ ойида содир бўлган Сўх жанжалини эслаб ўтиш кифоя.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегараларини аниқлаш бўйича комиссиянинг собиқ раиси Саламат Аламанов бундай воқеалар одамлар ва баъзи ҳолатларда хатто чегарачиларнинг ўзи чегара чизиғи қаердан ўтишини билмагани туфайли содир бўлмоқда, деб фикр билдиради.

-Аҳоли чегаранинг қаердан ўтганини билмайди, билса ҳам ижтимоий-маиший сабаблар туфайли чегарани ноқонуний кесиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Жанжалли воқеалар асосан чегараларнинг аниқланмаган, баҳсли бўлиб турган ҳудудларида содир этилмоқда. Шу сабабли икки давлат раҳбарлари сиёсий иродасини ишга солиб, чегарани аниқлашни якунига етказиши, чегара механизмини тўлақонли амалга киритишга эътибор қаратишлари зарур, -деди Саламат Аламанов.

24 сентябр куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги ретрансляция станциясида огоҳлантирувсиз текширув ўтказганини маълум қилди.

Тўқўн Мамитовнинг айтишича, бу ердаги чегара чизиғи ҳозирча аниқланмаган. Мана шу аниқланмаган ҳудудда Қирғизистонга қарашли ретранслятор станцияси бўлган. Ўзбекистоннинг 15 нафар чегарачиси 22 сентябрда вертолётда Жалолобод вилоятидаги Унгар-Тоо тоғидаги станцияга учиб келиб, бу ерда ишлаётган ишчиларни сўроқ қилган, уларнинг исмларини ёзиб олган.

-Ўзбекистон чегарачилари станцияга жанжал қилмай кириб келган, навбатчи алоқачилар билан гаплашиб, уларнинг исмларини ёзиб олган. Ўзбек чегарачиларини нега аниқланмаган ҳудудда Қирғизистонга қарашли станция ишлаётгани қизиқтирган. Алоқачилар станция бу ерда 20 йилдан бери ишлаётганини айтишган. Шундан сўнг ўзбек чегарачилари ортга қайтган, -деб билдирган Тўқўн Мамитов.

Қирғиз расмийсининг айтишича, айни пайтда бу масала юзасидан Тошкент расмийлари билан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.