Покистонлик толиблар етакчиларидан бири Латиф Маҳсуд қўлга олинди

АҚШ Давлат департаменти америкалик аскарлар Афғонистонда ҳарбий амалиёт пайти покистонлик толиблар етакчиларидан бири Латиф Маҳсудни қўлга олганини тасдиқлади.

Маҳсуд "Тихрик-е-толибан" деб аталувчи ташкилотнинг етакчи қўмондонларидан бири бўлгани айтилади.

Қўшма Штатлар мазкур гуруҳни 2010 йилда Ню Йорк шаҳрининг Таймс-скверида портлаш содир этишга уринганликда гумон қилиб келади.

Шунингдек, "Тихрик-е-толибан" Покистондаги бир қатор америкалик дипломатлар ва маҳаллий тинч аҳоли вакилларига қарши ҳужумларга ҳам масъул кўрилади.

Мазкур ҳаракат Қўшма Штатлар ҳудудида ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилиб келаётган эди.