Полиция Бирюлёводаги мева-сабзавот базаси бошлиғини қидирувга берди

Тартибсизликларга кавказлик муҳожир тарафидан рус йигитининг ўлдирилиши сабаб бўлди.

Россия полицияси Москванинг Бирюлёво туманида жойлашган мева-сабзавот базасини бошқарган ширкат директорини қидирмоқда. Россия Тергов қўмитаси пайшанба куни эълон қилган баёнотга кўра, терговчилар база маъмурияти кўплаб ноқонуний муҳожирларни ишга ёллаганини аниқлагач, ширкат бошлиғи Алиёсхаб Гажиев қидирувга берилган.

Гажиевнинг ёрдамчиси Магомед Чурилов ва базани қўриқлаган хавфсизлик фирмаси бошлиғи Виктор Котелевский аллақачон ҳибсга олинган.

Мева-сабзавот базасида тергов ишлари душанба куни, ўтган ҳафта охирида меҳнат муҳожирларига қарши минглаб норозилардан иборат оломон полиция билан тўқнашиши ортидан бошланди.

Тартибсизликларга кавказлик муҳожир тарафидан рус йигитининг ўлдирилиши сабаб бўлди. Сешанба куни қотилликда гумонланган Озарбайжон фуқароси ҳибсга олинди.

Москва суди қарори билан Бирюлёводаги мева-сабзавот базаси 90 кунга ёпиб қўйилди.