Ўшда хусусий тадбиркорнинг 4,5 миллион доллари ўғирланди

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг Озодликка маълум қилишича, маҳаллий тадбиркорга ҳужум 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси Ўш халқаро аэропорти ёнидаги автомобиллар тўхташ жойида содир этилган.

Тезкор маълумотларга кўра, ҳужумчилар тўрт киши бўлган. Улар тадбиркор ўтирган автомобилни ўққа тутиб, кейин жабрланувчига ҳужум қилиб, унинг икки сумкасини тортиб олганлар. Сумкаларнинг бирида 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул бўлгани айтилмоқда.

Жабрланувчи тадбиркор ҳужумчилар ўтирган автомобиллардан бирини қувиб етиб, уни уриб, тўхтатишга муваффақ бўлган. Пировардида милиция ходимлари ҳужумчилардан бирини қўлга олганлар.

Ушланган шахс Жалолобод вилоятининг Кўкёнғоқ шаҳрида яшовчи 29 ёшли йигит бўлиб чиққан. Тинтув чоғида ундан 1,1 миллион доллар миқдорида нақд пул солинган сумка мусодара этилган.