Туғруқхона қабул қилмаган аёл фарзанди 1 ойлик бўлгунча Владивостокда яшаб туради

Владивосток туғруқхонаси қабул қилмаган Шоира Улошева

Россиянинг Ленинград области, Рошчино поселкасида 7 ойлик ҳомиласи бор ўзбекистонлик аёлни номаълум шахс 9 ноябрь куни калтаклагани 13 ноябрь куни маълум бўлди.

13 ноябрга ўтар кечаси Челябинск шаҳрида бири 31, иккинчиси 23 яшар икки тожикистонлик ўлдирилди.

Айни пайтда, врачлар қабул қилмагани учун Владивостокдаги туғруқхона остонасида туғиб қўйган бошқа бир ўзбекистонлик аёлни Россиядан чиқариб юбориш 1 ойга кечиктирилди.


5 ноябрь куни тўлғоқ ҳолатида Владивосток шаҳридаги 1- туғруқхонага “Тез ёрдам” олиб келган ўзбекистонлик аёлни туғруқхона врачлари қабул қилишдан бош тортгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик.

Приморьедаги “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков 13 ноябрь куни Озодликка Шоира Улошева билан боғлиқ кейинги воқеаларни айтиб берди:

- Касалхонадан чиққанидан кейин Шоирани топдик. Шаҳар четида, частний уйда тураркан. Ўзининг ҳам, чақалоғининг ҳам соғлиғи яхши. Ҳаммаси бўлиб 4 фарзанди бор экан, каттаси – Ўзбекистонда.

Баҳодир Нураковнинг айтишича, Шоира Улошева туғруқхонадан чиққанидан бир-икки кун ўтгач, оилани ФМС ходимлари олиб кетган.

- Бу ҳақда Шоирахоннинг ўзи айтиб берди. Суд қилишибди. Суд оилани Россиядан 10 кун ичида чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарган.

Лекин мавжуд қонунларга кўра, суд қарорини бажариш имконсиз.

- Қонун бўйича чақалоқ бир ойлик бўлмагунча поездга ҳам, самолётга ҳам билет сотиш мумкин эмас.

Бироқ барибир полиция оилани тинч қўймаяпти.

- Улошевлар кеча (12 ноябрь) кечқурун маҳаллий полиция ходимлари келиб бўлимга олиб кетганини бўлимдан туриб айтишди. Бир-икки соат ушлаб туриб, суд қарори тўғрисида билишганидан сўнг қўйиб юборишди.

Айни пайтда Владивостокдаги 1- туғруқхона Шоира Улошевадан 20 минг рубль талаб қилмоқда.

- Айтишича, Шоирахоннинг эри пулни тўламоқчи эмас. Агар яхши қабул қилиб, яхши хизмат кўрсатишса, берган бўлардим, деяпти эри, деди Баҳодир Нураков,

Агар оила бу пулни тўлай олмаса, Нураков ўзи раислик қиладиган “Адолат” ўзбеклар жамоат ташкилоти туғруқхона ҳақини тўлашни ўз зиммасига олажагини билдирди.

1- туғруқхона телефонини кўтарган ходим иш вақти тугаганини, (Владивостокда кун ботган эди) раҳбарият иш жойида йўқ эканлигини рўкач қилиб, саволимизга жавоб бермади.

Шоира Улошеванинг ўзи ҳам, унинг турмуш ўртоғи ҳам журналистлар билан мулоқотдан қочмоқда. Биз ҳам улар билан боғлана олмадик.

Россиянинг Ленинград области, Рошчино поселкасида бўйида 7 ойлик ҳомиласи бор ўзбекистонлик аёлни номаълум шахс 9 ноябрь куни калтаклагани 13 ноябрь куни маълум бўлди.

47News порталининг бу ҳақдаги хабарини Рошчино посёлкаси полиция бўлими навбатчиси Озодликка на тасдиқлади ва на инкор этди.

- Мен 9 ноябрь куни навбатчилик қилган эмасман, шунинг учун хабарим йўқ, деди полиция ходими

Хабар қилинишича, калтакланган ҳомиладор аёл 18 яшар ўзбекистонлик бўлиб, Санкт-Петербург шаҳрида вақтинчалик қайддан ўтган, лекин Ленинград область, Виборг районида қайддан ўтмай яшаган. 9 ноябрь тунида номаълум шахс унинг қорнига бир неча марта зарба берган.

Ўзбекистонликларнинг Россиядаги “Ватандош” жамияти Усмонали Баратовнинг айтишича, Бирюлово воқеаларидан кейин авж олиб кетган миллатчилик кайфияти ҳануз кучлилигича қолмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига таяниб хабар қилишича, 13 ноябрга ўтар кечаси Челябинск шаҳрида бири 31, иккинчиси 23 яшар икки тожикистонлик ўлдирилган. Элчихона вакиллари жиноят тафсилотларининг ўрганиш учун воқеа жойига жўнаб кетган.