Сурия мухолифати Башар Ассадни ҳокимиятдан четлатишда Москва дастагидан умидвор

Сурия мухолифат кучлари миллий коалицияси бош котиби Бадр Жамус.

Россия Суриядаги сиёсий бўҳрон ҳал қилиниши учун ҳукмрон режимга босим ўтказиши керак. Сурия мухолифат кучлари миллий коалицияси бош котиби Бадр Жамус Москвага келиш арафасида ана шундай баёнот берди.

Жамус “Интерфакс” агентлигига берган интервьюсида бу муаммо Суриянинг ҳозирги президенти ҳукумат таркибида бўлмаслигига оид масала ойдинлашмагунича ҳал этилмаслигини билдирган.

Сурия мухолифат кучлари миллий коалицияси раҳбарлари душанба куни Москвага келишлари кутилмоқда.

“Биз Россияга дўстмиз, аммо Россия халқ билан бўлишни истайдими ёки ҳукумат биланми – шу ҳақда бир қарорга келиши керак. Ўз халқига нон беришни истамаган ҳукуматни қўллаб бўлмайди”, деди Бадр Жамус.

Жамус билан бирга Россия пойтахтига Сурия миллий коалицияси раҳбари Аҳмад Жарба ҳам келмоқда.