Покистондаги портлашда 9 киши нобуд бўлди

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги шиалар масжиди яқинида худкуш шахс томонидан амалга оширилган портлашда камида 9 киши ҳалок бўлди, 40 дан зиёд одам тан жароҳати олди.

Полиция маълумотига кўра, портлаш одамлар масжиддан чиқаётган пайтда содир бўлган. Худкуш ҳужум амалга оширилган жойда масжид зиёратига келувчи шиалар тўхтайдиган меҳмонхона жойлашгани айтилмоқда.

Бу портлаш Покистон расмийлари ва маҳаллий толиблар ўртасидаги тинчлик музокаралари кечиктирилганидан бир неча соат ўтгач содир бўлди. Мазкур учрашув, расмий Исломобод иддаосича, покистонлик толиблар музокарада иштирок этадиган кишилар рўйхатини тақдим этмагани учун қолдирилган.

Айни пайтда Таҳрики Толибон вакили Мавлоно Самиул-Ҳақ сўзлашувлар кечиктирилгани ҳукумат музокараларга жиддий қарамаётганидан далолат беришини айтган.