Боснияда Маркале бозоридаги қирғин қурбонлари хотирланди

Боснияда расмийлар ва оддий фуқаролар Сараевонинг Маркале бозорида уюштирилган қирғиннинг 20 йиллиги муносабати билан қирғин мермориалига гуллар қўйишди.

1994 йилнинг 5 февралида Серб ҳарбий кучлари қамалида бўлган Босния пойтахти снарядлар билан ўққа тутилган эди. Маркале бозорида портлаган снарядлар 68 кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 144 кишини яралаган.

Чоршанба куни қурбонлар ҳотирасини ёдга олиш учун Сараеводаги Маркале бозорига юзлаб одам йиғилди.

Қирғин учун жавобгарликка тортилган Сараево-Романия ҳарбий корпуси собиқ қўмондони Станислав Галич айни дамда бир умрлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ҳаага трибунали томонидан судланаётган Босниянинг собиқ ҳарбий ва сиёсий етакчилари Ратко Младич ва Радован Караджичлар ҳам Сараеводаги қирғинда айбланмоқда.