Сочида Қишки Олимпия ўйинларини очишга тайёргарлик кетмоқда. Мусобақалар аллақачон бошланди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олимпиада очилиш маросимида қатнашиш учун жума куни Сочига етиб борди.

Бугун Тошкент вақти билан кеч соат 10да Сочида 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Олимпиада расман жума куни очилаётган бўлса-да, фигурали учиш бўйича мусобақалар пайшанба куни бошланди ва беллашувнинг биринчи босқичи натижаларига кўра, Россия командаси олдинда кетмоқда. Жума куни бошқа мусобақалар белгиланмаган.

Россия расмийларига кўра, маросимда президент Владимир Путиндан ташқари яна 60дан ортиқ давлат етакчилари ва мулозимларининг қатнашиши кутилмоқда. Жумладан, Олимпиада очилиш маросимида қатнашиш учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам жума куни Сочига етиб борди. Бошқа давлатлар раҳбарлари орасида асосан МДҲ етакчиларини кўриш мумкин.

АҚШ, Германия, Франция, Польша, Канада ва кўплаб ғарб давлатлари раҳбарлари Сочи ўйинлари очилишида қатнашишдан бош тортган.

Олимпия ўйинлари очилиш маросимида 3 мингдан ортиқ қўшиқча ва рақсчининг қатнашиши кутилмоқда. Олимпиада гимнини россиялик машҳур опера қўшиқчиси Анна Нетребко ижро этади.

XXII Қишки Олимпия ўйинлари 7-23 февраль кунлари ўтказилади.