Қозоғистон ташқи ишлар вазири: Евроосиё Иқтисодий Иттифоқини тузиш келишуви келаси ой имзоланади

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Идрисов.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Идрисов Россия, Беларус ва Қозоғистон президентлари Евроосиё Иқтиодсий Иттифоқини (ЕИИ) тузиш тўғрисидаги келишувни келаси ойда имзолашини баён қилди.

Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашуви олдидан журналистлар билан мулоқоти чоғида Идрисов Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Россия Президенти Владимир Путин ва Беларус Президенти Александар Лукашенка шу ой охирларида Минскда учрашиб, май ойида Остонада ўтказиладиган саммит кун тартибини муҳокама қилади, дея маълум қилди.

Идрисовнинг айтишича, май саммити пайтида давлат етакчилари ЕИИни тузиш бўйича келишувга имзо чекади.

Бу уч мамлакат ЕИИга асос бўлаётган Божхона Иттифоқининг асосчи аъзоларидир.
Россия ҳукумати 2015 йилга қадар ЕИИга айлантирилиши айтилаётган Божхона Иттифоқига собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларини жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.