Покистонда 37 нафар жангари ўлдирилгани айтилмоқда

Покистон расмийлари Афғонистон билан чегарадош ҳудуддаги ҳаво зарбалари натижасида жанггари деб гумонланган 37 нафар киши йўқ қилингани ҳақида хабар қилди.

Ушбу хабарни ҳозирча бошқа мустақил манбалар тасдиқлагани ёки рад этгани йўқ.

Расмийларга кўра, Толибон ҳаракати ва "Лашкари Ислом" гуруҳи фаол бўлган Тироҳ водийсида олиб борилган ушбу амалиётда ҳаво кучлари билан бирга қуруқликдаги қўшинлар ҳам иштирок этган.

Покистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, ушбу амалиёт жангариларнинг Исломобод ҳамда Пешавор шаҳарларида полиция ва оддий халққа нисбатан уюштирган ҳужумларига жавобан амалга оширилган.

Покистондаги Толибон ҳаракати ўтган ҳафта ҳукумат билан тинчлик музокаралари тўхтаб қолганидан сўнг 40 кунлик ўт отишни тўхтатиш келишувидан расман чиққан эди.