Россия тарафдорлари Луганск вилояти ҳокимияти биносини эгаллаб олди

29 апрель куни Украина шарқида жойлашган Луганск шаҳрида Россия тарафдори бўлган уч мингдан зиёд намойишчи вилоят маъмурияти томон юриш қилди.

Мухбирларга кўра, камида 20 нафар ёш йигит метал таёқлар билан дераза ойналарини синдириб вилоят ҳокими идораси жойлашган бинога кирган.

Ташқаридаги оламон эса ёш йигитлар бинога кириш йўлини очишини кутиб турган.

Мазкур бино милиция томонидан қўриқланмаган.

465 минг аҳоли яшайдиган Украинанинг Луганск шаҳри Россия чегарасига яқин жойлашган.

Уч ҳафта олдин Россия тарафдори бўлган айирмачилар шаҳар хавфсизлик хизмати бош қароргоҳини босиб олган.

Луганск шаҳридаги 29 апрель кунги юриш хавфсизлик хизмати бош қароргоҳи олдидан бошланган.