Абхазия парламенти президентни лавозимидан бўшатишга қарор қилди

Грузиянинг айирмачи ўлкаси Абхазияда парламент мамлакат президентини лавозимидан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.

29 май куни президент Александр Анквабнинг истеъфоси кўриб чиқилган мажлисда 35 депутатдан 21 нафари қатнашди. Президенти муддатидан аввал лавозимидан бўшатишга 20 депутат овоз берган.

Абхазия мухолифати мамлакатда тартибни сақлаш мақсадида "вақтинчалик халқ кенгаши" ташкил этилганини маълум қилди.

27 май куни юзлаб намойишчилар президент ва ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, президент маъмурияти биносини эгаллаб олган эди. Анкваб ҳукуматни тарқатишга ваъда берганидан сўнггина намойишчилар бинони тарк этгандилар.

Александр Анкваб мухолифатнинг ушбу ҳаракатларини “давлат тўнтаришига уриниш” дея баҳолаб, 28 май куни Кремль расмийлари билан учрашувлар ўтказди.

Грузиянинг айирмачи ўлкалари Абхазия ва Жанубий Осетия 2008 йилги Россия-Грузия урушидан сўнг Россия ва унга иттифоқдош мамлакатлар тарафидан мустақил давлатлар сифатида тан олинган.