Тожикистонда Google онлайн хизматларига тўсиқ қўйилди

Тожикистонлик интернет фойдаланувчилари 12 июндан бошлаб мамлакат ичида Google ширкатига қарашли хизматларга кириб бўлмаётганини айтмоқдалар.

Маҳаллий Интернет провайдерлари уюшмаси раҳбари Асомуддин Атоев Озодлик радиоси билан суҳбатда Тожикистондаги аксар провайдерлар Google хизматларига, жумладан, Gmail электрон почтасига тўсиқ қўйганини тасдиқлади.

Икки кун аввал, 9 июнь куни мамлакатда оммабоп YouTube видео-порталига кириш тўсилган эди.

11 июнь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги учун махсус намояндаси Дуня Миятович Душанбе ҳукуматини YouTube порталига қўйилган тўсиқни бекор қилишга чақирган эди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Рафиқжон Шокиров интернетдаги тўсиқлар ҳукумат тарафидан қўйилмагани ва уларга техник муаммолар сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.